Jez Plus
- Tovarlar ro‘yxati
- Dorixonalardagi narxlar
Ko‘rsatma uchun ko‘rsatilgan «Djess Plus (Yes Plus) plyonka bilan qoplangan planshetlar №28 (1 blister)»
Ҳар бир плёнка қобиқ билан қопланган фаол таблетка қуйидагиларни сақлайди:
Таблетканинг ядроси:
Фаол моддалар: этинилэстрадиол (бетадекс клатрати кўринишида) 0,02 мг, дроспиренон 3,00 мг.
Ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, маккажўхори крахмали, магний стеарати.
Таблетканинг қобиғи: гипромеллоза, тальк, титан диоксиди, темир (III) оксиди бўёвчиси.
Ҳар бир плёнка қобиқ билан қопланган плацебо таблетка сақлайди:
Таблетканинг ядроси:
Фаол моддалар: йўқ.
Ёрдамчи моддалар: лактоза моногидрати, маккажўхори крахмали, повидон, магний стеарати.
Таблетканинг қобиғи: гипромеллоза, тальк, титан диоксиди.
Плёнка қобиқ билан қопланган фаол таблеткалар: думалоқ, икки томонлама қавариқ, оч-сариқ рангли плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар. Таблетканинг бир томонида тўғри олтибурчагида “DS” гравировкаси туширилган. Синдирилганидаги кўриниши: ядроси оқдан деярли оқ ранглигача, қобиғи - оч-пушти.
Плёнка қобиқ билан қопланган плацебо таблеткалар: думалоқ, икки томонлама қабариқ, оқ рангли плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар. Таблетканинг бир томонида тўғри олтибурчагида “DР” гравировкаси туширилган. Синдирилганидаги кўриниши: ядроси оқдан деярли оқ ранглигача, қобиғи - оқ.
Плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар.
Мажмуавий контрацептив восита (эстроген+гестаген). АТХ коди: G03AA12/
Джес - антиминералокортикоид ва антиандроген таъсирга эга бўлган гормонал контрацептивдир.
Мажмуавий перорал контрацептив воситаларнинг ҳомиладорликка қарши самараси турли омилларнинг ўзаро таъсирига асосланган бўлиб, улардан энг муҳими овуляцияни бостирилиши ва цервикал секретнинг хусусиятларини ўзгариши бўлиб, бунинг натижасида у сперматозоидлар учун кам ўтказувчан бўлиб қолади.
Тўғри қўлланганида Перл индекси (йилига 100 нафар аёлга ҳомиладорликлар сони) 1 дан камни ташкил қилади. Таблеткалар ўтказиб юборилганда ёки нотўғри қўлланганида Перл индекси ўсиши мумкин.
Мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилаётган аёлларда, ҳайз кўриш цикли мунтазамроқ бўлиб қолади, оғриқли ҳайз кўришлар камроқ кузатилади, қон кетишларнинг жадаллиги камаяди, бу анемиянинг ривожланиши хавфини пасайтиради. Бундан ташқари, эпидемиологик текширишларнинг маълумотларига кўра, мажмуавий перорал контрацептивлар қўлланганида эндометрий раки ва тухумдонларнинг ракининг ривожланиш хавфи пасаяди.
Джес препаратида сақланувчи дроспиренон антиминералкортикоид таъсирга эга. Тана вазнини ошиши ва эстрогенлар чақирган суюқликни тутилиши билан боғлиқ шишларнинг пайдо бўлишини олдини олади, бу препаратни жуда яхши ўзлаштиришини таъминлайди. Дроспиренон предменструал синдромга (ПМС) ижобий таъсир кўрсатади. Яққол психоэмоционал бузилишлар, сут безларининг дағаллашиши, бош оғриғи, мушак ва бўғимларда оғриқ, вазнни ошиши ва ҳайз цикли билан қўшилган бошқа симптомлар каби ПМСнинг оғир шаклининг симптомларини енгиллаштиришда Джеснинг клиник самарадорлиги кўрсатилган. АҚШда ПМСнинг оғир шакли “предменструал дисферик синдром” атамаси билан белгиланади.
Дроспиренон шунингдек антиандроген фаолликка эга ва акненинг (хуснбузарларнинг) симптомларини, тери ва сочнинг ёғлиқлигини камайтиришга ёрдам беради. Дроспиреноннинг бу таъсири, организм томонидан ишлаб чиқарилувчи табиий прогестероннинг таъсирига ўхшаш.
Дроспиренон андроген, эстроген, глюкокортикоид ва антиглюкокортикоид фаолликка эга эмас. Буларнинг барчаси антиминералокортикоид ва антиандроген таъсири билан бирга, дроспиренонга табиий прогестерон билан бир хил биокимёвий ва фармакологик профилни таъминлайди.
Дроспиренон этинилэстрадиол билан бирга липид профилига, ЮЗЛП ни ошиши билан ифодаланувчи ижобий самарани намоён қилади.
- контрацепция;
- контрацепция ва ҳуснбузарларнинг ўртача шакли (acne vulgaris) ни даволаш;
- контрацепция ва предменструал синдром (ПМС) нинг оғир шаклини даволашда қўлланилади.
Джес препарати қуйида келтирилган ҳар қандай ҳолатлар бўлганида қўлланмаслиги лозим:
- хозирги вақтдаги ёки анамнездаги тромбоз (веноз ва артериал) ва тромбоэмболиялар (шу жумладан чуқур веналар тромбози, ўпка артериясининг тромбоэмболияси, миокард инфаркти), цереброваскуляр бузилишлар;
- хозирги вақтдаги ёки анамнездаги тромбозга ўтмишдош ҳолатлар (шу жумладан, транзитор ишемик хуружлар, стенокардия);
- хозирги вақтдаги ёки анамнездаги ўчоқли неврологик симптомлар билан кечувчи мигрень;
- томирларнинг асоратлари билан бўлган қандли диабет;
- веноз ёки артериал тромбознинг кўп сонли ёки яққол хавф омиллари, шу жумладан юракнинг клапан аппаратини асоратланган шикастланишлари; бўлмачаларнинг фибрилляцияси; бош мия томирлари ёки коронар артерияларнинг касалликлари; назорат қилиб бўлмайдиган артериал гипертензия; узоқ муддатли иммобилизация билан бўлган жиддий жарроҳлик аралашуви; 35 ёшдан катта ёшда чекиш;
- хозирги вақтдаги ёки анамнездаги яққол гипертриглицеридемияли панкреатит.
- жигар етишмовчилиги ва жигарнинг оғир касалликлари (жигар синамалари нормага қайтгунга қадар);
- хозирги вақтдаги ёки анамнездаги жигар ўсмалари (хавфли ёки хавфсиз);
- оғир буйрак етишмовчилиги, ўткир буйрак етишмовчилиги;
- буйрак усти безларининг етишмовчилиги;
- аниқланган гормонга боғлиқ хавфли касалликлар (шу жумладан сут безлари ёки жинсий аъзоларнинг) ёки уларга гумон;
- сабаби аниқ бўлмаган қиндан қон кетиши;
- хомиладорлик ёки ҳомиладорликка гумон;
- эмизиш даври;
- джеснинг ҳар қандай компонентига юқори сезувчанлик.
Агар бу ҳолатлардан биронтаси Джес қабул қилиш вақтида биринчи марта пайдо бўлса, дарҳол бу препаратни қабул қилишни тўхтатинг ва шифокор билан маслаҳатлашинг. Препаратни қабул қилиш тўхтатилган даврда шифокор билан маслаҳатлашгунча, ногормонал ҳомилага қарши воситаларни ишлатинг. “Махсус кўрсатмалар” бўлимига ҳам қаранг.
Эҳтиёткорлик билан қўлланиши
Агар мажмуавий перорал контрацептивлар қуйида келтирилган ҳолатлардан ҳар қандайи мавжуд бўлганида қўлланаётган бўлса, сиз синчков назоратга муҳтож бўлишингиз мумкин, нима учунлигини шифокор тушунтириши мумкин. Джес препаратини қабул қилишни бошлашдан олдин сизда қуйида санаб ўтилган ҳолатлардан ҳар қандайининг борлиги тўғрисида шифокорга хабар беринг.
- тромбоз ва тромбоэмболияларнинг ривожланишини хавф омиллари: чекиш, тромбозлар, миокард инфаркти ёки яқин қариндошлардан бирида ёшликда мияда қон айланишининг бузилиши; семизлик; дислипопротеинемия; артериал гипертензия; мигрень; юрак клапанларининг касалликлари; юрак ритмининг бузилишлари; узоқ муддатли иммобилизация; жиддий жарроҳлик аралашувлари; катта жароҳат;
- периферик қон айланишининг бузилишлари аниқланиши мумкин бўлган бошқа касалликлар; қандли диабет; тизимли қизил югурик; гемолитик уремик синдроми; крон касаллиги ва носпецифик ярали колит; ўроқсимон хужайрали анемия; шунингдек юза жойлашган веналарнинг флебити;
- наслий ангионевротик шиш;
- гипертриглицеридемия;
- жигар касалликлари;
- хомиладорлик вақтида ёки жинсий гормонларни илгари қабул қилиш фонида биринчи марта пайдо бўлган ёки оғирлашган касалликлар (масалан, сариқлик, холестаз, холелитиаз, эшитишни ёмонлашиши билан кечувчи отосклероз, порфирия, ҳомиладорлар герпеси, Сиденгам хореяси);
- туғруқдан кейинги давр.
Ҳомиладорлик ва лактация
Джесни ҳомиладорлик вақтида ва эмизиш даврида қўллаш мумкин эмас. Агар Джес препаратни қабул қилиш вақтида ҳомиладорлик аниқланса ёки гумон қилинса, препаратни дарҳол бекор қилиш ва шифокорга мурожаат қилиш керак. Бироқ йирик эпидемиологик текширишлар, ҳомиладорликкача жинсий стероидларни (шу жумладан мажмуавий перорал контрацептивлар) қабул қилган аёллар томонидан туғилган болаларда ривожланишнинг нуқсонларининг ҳеч қандай юқори хавфини ёки ҳомиладорликнинг илк муддатларида жинсий стероидлар эҳтиётсизлик билан қабул қилинганида тератоген таъсирни аниқламаган.
Таблеткаларни қачон ва қандай қабул қилиш керак
Таблеткаларни ҳар куни тахминан бир вақтда, зарурати бўлганида сув билан қабул қилинг. 28 таблетканинг ҳаммасини ичиб бўлмагунча, стрелканинг йўналишига риоя қилинг. Одатда ҳайз кўриш Джеснинг охирги фаол таблеткаси қабул қилинганидан кейин 2-3 куни бошланади (яъни сиз ўрамнинг охирги қаторидан охирги 4 таблеткани қабул қилаётган даврда). Ўрамлар орасида танаффус қилманг, яъни жорий ўрамни тугатганингиздан кейин, эртаси куни янги ўрамдаги таблеткаларни қабул қилишни бошланг, ҳатто агар сизда ҳайз кўриш тугамаган бўлса ҳам. Бу, янги ўрамни сиз доимо ҳафтанинг айнан ўша куни бошлашингиз мумкинлигини ва бекор қилиш оқибатидаги қон кетиши ҳар ойнинг тахминан бир кунида рўй бериши мумкинлигини билдиради.
Джеснинг биринчи ўрамини қабул қилиш.
Олдинги ойда хеч қандай гормонал ҳомилага қарши восита ишлатилмаган бўлса
Джесни циклнинг биринчи кунида қабул қилишни бошланг, яъни ҳайз кўриш қон кетишининг биринчи кунида. Ҳафтанинг тегишли куни билан белгиланган таблеткани қабул қилинг. Сўнгра таблеткаларни навбат билан қабул қилинг. Сиз таблеткалар қабул қилинишини ҳайз кўриш циклнинг 2-5 кунидан ҳам бошлашингиз мумкин, аммо бу ҳолда биринчи ўрамидаги таблеткаларни қабул қилишининг биринчи 7 кунида, қўшимча равишда контрацепциянинг тўсиқ усулини (маслан, презерватив) ни ишлатиш лозим.
Бошқа мажмуавий перорал контрацептивдан вагинал халқа ёки контрацептив пластирга ўтишда
Сиз гормонал контрацептивларнинг жорий ўрамидан охирги таблеткани қабул қилинганингиздан кейин эртаси кундан Джесни қабул қилишни бошлашингиз мумкин (бу препаратларни қабул қилишда узилиш бўлмаслигини билдиради). Агар сизнинг илгариги контрацептивингизда хам фаол моддаларсиз таблеткалар кўзда тутилган бўлса, сиз охирги фаол таблеткани қабул қилганингиздан сўнг эртанги кундан Джесни қабул қилишни бошлашингиз мумкин (агар Сизда шубҳа туғилса, бу ҳақида шифокордан ёки фармацевтдан сўранг). Сиз қабул қилишни кечроқ бошлашингиз мумкин, аммо ҳозирги вақтда сиз томондан ишлатилаётган контрацептивларни қабул қилишда режадаги 7 кунлик танаффусдан кейинги кунидан кеч эмас (ёки ишлатилаётган контрацептивларнинг ўрамидан охирги фаол бўлмаган таблеткани қабулидан кейин кечи билан эртаси куни).
Агар Сиз илгари вагинал халқа ёки трансдермал пластирдан фойдаланган бўлсангиз, қабулни халқа/пластирни олиб ташланган кундан бошлаган афзал, лекин халқа/пластирни алмаштириш режалаштирилган кундан кеч эмас. Агарда сиз бу қоидаларга риоя қилсангиз, контрацепциянинг қўшимча чораларига зарурат йўқ.
Фақат гестаган (“мини - пили”) сақловчи перорал контрацептивлардан ўтишда
Сиз “мини-пили” қабул қилишни исталган куни тўхтатишингиз ва Джесни эртаси кунидан ўша вақтни ўзида қабул қилишни бошлашингиз мумкин. Таблеткаларни қабул қилишнинг биринчи 7 кун давомида контрацепциянинг қўшимча тўсиқли усуллари (масалан, презерватив) дан фойдаланиш лозим.
Инъекцион контрацептивдан, имплантантдан ёки гестаген ажратиб чиқарувчи бачадон ичидаги контрацептив (“Мирена”) дан ўтишда
Джесни қабул қилишни навбатдаги инъекция қилиниши керак бўлган куни ёки имплантант ёки бачадон ичидаги контрацептив олиб ташланган куни бошланг. Таблеткаларни қабул қилишнинг биринчи 7 куни давомида қўшимча контрацепциянинг тўсиқли усулларини ҳам ишлатиш керак.
Туғруқдан кейин
Агар сиз эндигина бола туққан бўлсангиз, шифокор сизга Джесни қабул қилишни бошлашдан олдин биринчи меъёрий хайз кўриш цикли тугашини кутишни тавсия қилиши мумкин. Баъзида шифокорнинг тавсиясига кўра Джесни қабул қилишни аввалроқ ҳам бошлаш мумкин. Агар сиз болани эмизаётган бўлсангиз ва плёнка қобиқ билан қопланган Джес таблеткаларини қабул қилишни хоҳласангиз, бу масалани аввал шифокор билан муҳокама қилиш лозим.
Ҳомилани ўз-ўзидан тушишида ёки ҳомиладорликнинг биринчи уч ойлигидаги абортдан кейин
Ўз шифокорингиз билан маслаҳатлашинг.
Джес ўрами билан қандай муомала қилиш керак
Джеснинг ўрамига блистер ёпиштирилган, унда 24 фаол таблетка ва 4 таблетка плацебо (охирги қатор) сақланади. Ўрамга шунингдек, уларда ҳафта кунларининг номлари қайд этилган 7 ўзи елимланадиган тизимчадан иборат ўзи елимланадиган қабул қилиш тақвими жойланган. Сиз таблеткаларни қабул қилишни бошлайдиган ҳафта куни биринчи бўлиб кўрсатилган тизимчани танланг. Масалан, Агар сиз таблеткаларни қабул қилишни чоршанба куни бошласангиз.
Тизимчани ўрамнинг юқори қисми бўйлаб шундай елимлангки, биринчи куннинг кўрсаткичи “Старт” ёзуви билан стрелка йўналтириган таблетка устида бўлиши керак (2-расм).
Энди сиз ҳар бир таблеткани ҳафтанинг қайси куни қабул қилишингизни кўрасиз (3 расм)
Джесни қабул қилишни тўхтатиш
Қабул қилишни исталган вақтда тўхтатишингиз мумкин. Агар сиз контрацепциядан воз кечсангиз, чунки ҳомиладорликни режалаштираётган бўлсангиз, одатда табиий ҳайз кўриш қон кетишини кутиш ва шундан сўнггина ҳомиладор бўлишга ҳаракат қилиш тавсия этилади. Бу сизга болани қачон дунёга келишини ҳисоблаб чиқишга ёрдам беради.
Агар сиз ҳомиладорликни режалаштирмаган бўлсангиз, контрацепциянинг бошқа усуллари тўғрисида шифокордан билиб олинг.
Ўтказиб юборилган таблеткаларни қабул қилиш
Нофаол таблеткаларни ўтказиб юборилишига эътибор бермаслик ҳам мумкин. Шундай бўлсада, нофаол таблеткаларни қабул қилиш вақтини тасодифан узайтирмаслик учун, ўтказиб юборилган нофаол таблеткаларни ташлаб юбориш керак.
Қуйидаги тавсиялар фақат фаол таблеткаларни (ўрамдаги 1-24 таблеткалар) ўтказиб юборилишига тааллуқли:
Агар таблеткани қабул қилишдаги кечикиш 12 соатдан камни ташкил қилса (охирги таблеткани қабул қилган вақтдан бошлаб 36 соатдан кам вақт ўтган бўлса), контрацептив самарани сусайиши рўй бермайди. Сиз ўтказиб юборилган таблеткани эсингизга тушиши биланоқ қабул қилинг, қолган таблеткалар одатдаги вақтда қабул қилинади.
Агар таблеткани қабул қилишдаги кечикиш 12 соатдан ортиқни ташкил қилса (охирги таблеткани қабул қилган вақтдан бошлаб 36 соатдан кўпроқ вақт ўтган бўлса), контрацептив самара пасайиши мумкин. Қанчалик кўп таблетка ўтказиб юборилган бўлса, қанчалик нофаол таблетка қабул қилиш босқичидаги таблеткаларни ўтказиб юбориш яқин бўлса, ҳомиладорликнинг эҳтимоли шунчалик юқори бўлади.
1 кундан 7 кунгача бўлган даврда бир таблетка ўтказиб юборилган:
Сиз охирги ўтказиб юборилган таблеткани, бу ҳақида эслашингиз биланоқ дарҳол қабул қилишингиз керак, ҳаттоки агар бу иккита таблеткани бир вақтда ичишингизга тўғри келишини англатса ҳам. Сўнгра таблеткаларни одатдаги вақтда қабул қилишни давом эттиринг. Бундан ташқари, кейинги 7 кун давомида контрацепциянинг тўсиқли усулини (масалан, презерватив) қўшимча ишлатиш керак. Агар сизда таблеткани ўтказиб юборилгунча бир ҳафта давомида жинсий алоқа бўлган бўлса, ҳомиладорликнинг эҳтимоли ошади. Дарҳол шифокор билан маслаҳатлашинг.
8 кундан 14 кунгача бўлган даврда бир таблетка ўтказиб юборилган:
Сиз охирги ўтказиб юборилган таблеткани, бу ҳақида эслашингиз биланоқ дарҳол қабул қилишингиз керак, ҳаттоки Агар бу иккита таблеткани бир вақтда ичишингизга тўғри келишини англатса ҳам. Биринчи ўтказиб юборилишидан олдинги 7 кун давомида таблеткаларни тўғри қабул қилган бўлсангиз, контрацепциянинг қандай бўлмасин қўшимча чораларининг зарурати йўқ. Бироқ, Агар таблеткаларни қабул қилишда хатоларга йўл қўйилган бўлса ёки биттадан ортиқ таблетка ўтказиб юборилган бўлса, сиз 7 кун давомида контрацепциянинг тўсиқли усулини (масалан, презерватив) ишлатишингиз керак.
15 кундан 24 кунгача бўлган даврда бир таблетка ўтказиб юборилган:
Нофаол таблеткаларни қабул қилишни яқинлашаётган босқичи туфайли контрацептив ишончлиликнинг пасайишини хавфи ошади. Шундай бўлсада, контрацептив ҳимояни сусайишини, таблеткаларни қабул қилиш тартибини тўғрилаб, барибир олдини олиш мумкин. Демак, биринчи таблетка ўтказиб юборилгунича бўлган 7 кун давомида сиз барча таблеткаларни тўғри қабул қилган шароитда, қуйида таклиф этилган схемалардан бирига риоя қилиб, контрацепциянинг қўшимча чораларисиз амалласа бўлади. Акс ҳолда қуйидаги схемалардан биринчисини ишлатишингиз ва бу билан параллел 7 кун давомида контрацепциянинг қўшимча усулларини қўллашингиз керак.
- Сиз охирги ўтказиб юборилган таблеткани, бу ҳақида эслашингиз биланоқ дарҳол қабул қилишингиз керак, ҳаттоки Агар бу иккита таблеткани бир вақтда ичишингизга тўғри келишини англатса ҳам. Сўнгра сиз таблеткаларни одатдаги вақтда, фаол таблеткалар тугагунича қабул қилишни давом эттиринг. Тўртта нофаол таблеткани ташлаб юбориш ва кейинги ўрамдан таблеткаларни қабул қилишни дарҳол бошлаш керак. Иккинчи ўрамдаги фаол таблеткалар тугагунича, сизда бекор қилиш қон кетиши рўй беришини эҳтимоли кам, лекин таблеткаларни қабул қилиш вақтида суркалувчи ажратмалар ёки қон кетиши кузатилиши мумкин.
- Сиз шунингдек жорий ўрамдан таблеткаларни қабул қилишни тўхтатишингиз мумкин. Сўнгра таблеткаларни қабул қилишда кўпи билан 4 кун, шу жумладан таблеткаларни ўтказиб юборилган кунларини қўшиб танаффус қилиш ва кейинчалик кейинги ўрамдан қабулни давом эттириш керак.
Агар сиз таблеткаларни ўтказиб юборган бўлсангиз ва нофаол таблеткаларни қабул қилиш даврида қон кетиши юз бермаса, сиз ҳомиладор бўлиб қолишингиз мумкин. Янги ўрамдан таблеткаларни қабул қилишни давом эттиришдан олдин шифокорга мурожаат қилинг.
йўқ
ёки
Қусиш ва диарея бўлган ҳолларда тавсиялар
Оғир меъда-ичак бузилишларида сўрилиш тўлиқ бўлмаслиги мумкин, шунинг учун қўшимча контрацептив чораларни кўриш керак.
Агар фаол таблетка қабул қилинганидан кейин 4 соат давомида қусиш ёки диарея юз берса, унда ушбу ҳолатда, “Ўтказиб юборилган таблеткаларни қабул қилиш” бўлимида кўрсатилган ўтказиб юборилган таблеткаларга тааллуқли тавсиялар амалда бўлади. Агар сиз ўзингизнинг одатдаги қабул қилиш схемангизни ўзгартиришни хоҳласангиз, сиз бошқа ўрамдан қўшимча таблеткани ичишингиз керак.
Хайз кўришнинг бошланишини кечиктириш
Хайз кўришни бошланишини кечиктириш учун, сиз жорий ўрамдаги нофаол таблеткаларни ўтказиб юбориб, Джеснинг кейинги ўрамидаги таблеткаларни қабул қилишни давом эттиришингиз керак. Шундай қилиб, цикл, хоҳишга қараб, иккинчи ўрамдан фаол таблеткалар тугагунича, ҳар қандай муддатга узайтирилиши мумкин. циклнинг бу қўшимча кунлари давомида сизда қон кетиши бошланиши мумкин ёки суркалувчи ажралмалар аниқланиши мумкин. Сўнгра Джесни мунтазам қабул қилиш нофаол таблеткаларни қабул қилиш босқичи тугаганидан кейин қайтадан бошланади.
Хайз кўришнинг бошланиш кунини ўзгартириш.
Ҳайз кўришнинг бошланишини ҳафтанинг қайсидир бошқа кунига ўтказиш учун, сиз нофаол таблеткаларни қабул қилишни кейинги босқичини кунларнинг исталган сонига қисқартиришингиз мумкин. Бу интервал қанчалик қисқа бўлса, сизда яқин орадаги ҳайз кўриш бошланмаслиги хавфи шунчалик юқори, иккинчи ўрамдан таблеткаларни қабул қилиш вақтида сизда суркалувчи қонли ажралмалар ёки қон кетишлари (ҳайз кўришни бошланишини кечиктиришда бўлгани каби) қайд этилиши мумкин.
Алоҳида тоифа пациентлар учун қўшимча маълумот
Болалар ва ўсмирлар
Джес препарати фақат менархе бошланганидан кейин қўлланилади.
Мавжуд маълумотлар ушбу гуруҳ пациенткаларда дозага тузатиш киритишни тахмин этмайди.
Кекса ёшдаги пациентлар
Қўллаш мумкин эмас. Джес препаратини менопауза бошланганидан кейин қўллаш мумкин эмас.
Жигар томонидан бузилишлари бўлган пациентлар
Джес препаратини жигарнинг оғир касалликлари бўлган аёлларда, жигар фаолияти кўрсаткичлари нормага келмагунига қадар қўллаш муикин эмас. Шунингдек «Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар» бўлимига қаранг.
Буйрак томонидан бузилишлари бўлган пациентлар
Джес препаратини оғир буйрак етишмовчилиги ёки ўткир буйрак етишмовчилиги бўлган аёлларда қўллаш муикин эмас. Шунингдек «Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар» бўлимига қаранг.
Бошқа ҳар қандай дори воситалари каби, Джес препаратини қабул қилинганда хам, гарчи бу самараларни барча пациентларда пайдо бўлиши шарт бўлмасада, нохуш самаралар кузатилиши мумкин.
Жиддий ноҳуш самаралар:
«Эҳтиёткорлик билан» ва «Махсус кўрсатмалар» бўлимларига қаранг. Илтимос, бу бўлимларни диққат билан ўқиб чиқинг ва ноҳуш самаралар, шу жумладан препаратни қўллаш билан боғлиқ жиддий реакциялар пайдо бўлган ҳолларда шифокор билан маслаҳатлашинг.
Джесни “Контрацепция” ва “Контрацепция ва хуснбузарларнинг ўртача шаклини (acne vulgaris)” даволаш, шунингдек “Контрацепция ва предменструал синдром (ПМС) нинг оғир шаклини даволаш кўрсатмалари бўйича қўллаётган аёлларда қуйидаги ножўя реакциялар тўғрисида хабар берилган:
Тез-тез учрайдиган ноҳуш самаралар (1/100 дан ортиқ ва 1/10 дан кам):
- кайфиятни ўзгаришлари, депрессия / тушкун кайфият;
- мигрень;
- кўнгил айниши;
- сут безларида оғриқ1, бачадондан номунтазам қон кетишлари (шиддатли қон кетишлари)1, жинсий йўллардан аниқланмаган генезли қон кетишлари (қиндан қон кетиши).
Тез-тез учрамайдиган ноҳуш самаралар (1/1000 дан ортиқ ва 1/100 дан кам):
- либидони камайиши ёки йўқолиши (жинсий мойилликни камайиши ёки йўқолиши)2
Кам учрайдиган ноҳуш самаралар (1/10000 дан ортиқ ва 1/1000 дан кам):
- веноз ёки артериал тромбоэмболия*
*мажмуавий перорал контрацептивлар гуруҳини қамраб олган эпидемиологик тадқиқотларнинг якунига кўра тахминий тез-тезлиги. Тез-тезлиги жуда кам ҳолларда сифатида баҳоланган;
- веноз ёки артериал тромбоэмболия” қуйидаги нозологик бирликларни ўз ичига олади: периферик чуқур веналар окклюзияси, ўпка қон томирлари тромбози ва эмболияси/ ўпка қон томирлари окклюзияси, тромбоз, эмболия ва инфаркт/миокард инфаркти/ церебрал инфаркт ва геморрагик инсульт.
1ПМС ни баҳоловчи тадқиқотлар жараёнидаги ҳолатлар тез-тезлиги жуда тез-тез >10/100 сифатида баҳоланган
2ПМС ни баҳоловчи тадқиқотлар жараёнидаги ҳолатлар тез-тезлиги тез-тез ≥10/100 сифатида баҳоланган
Джесни қўллаш вақтида хабар берилган, лекин учраш тез-тезлигини келтиришнинг иложи бўлмаган ножўя самаралар:
- кўп шаклли эритема (қичишувчи қизил тошмалар ёки терининг маҳаллий шиши билан характерланувчи тери қопламаларининг ҳолати).
Қўшимча маълумотлар:
Қуйида, тахмин қилинаётган мажмуавий перорал контрацептивлар гуруҳидан препаратларни қабул қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин бўлган жуда кам учрайдиган ножўя реакциялар ёки кечроқ кузатиладиган симптомлар санаб ўтилган (шунингдек «Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар» ва «Махсус кўрсатмалар» бўлимига қаранг).
Ўсмалар
- мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилаётган аёлларда сут бези ракини диагностика қилиш тез-тезлиги бироз юқори. Сут бези раки 40 ёшгача бўлган аёлларда жуда кам аниқланиши туфайли, мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилаётган аёлларда сут бези раки ташҳиси сонини ошиши, бу касалликнинг умумий хавфига нисбатан аҳамиятсиз ҳисобланади.
- жигар ўсмалари (хавфсиз ва хавфли).
Бошқа ҳолатлар
- тугунли эритема;
- гипертриглицеридемияси бўлган аёллар (мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилиш вақтида панкреатитнинг юқори хавфи);
- гипертензия;
- мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилиш вақтида ривожланувчи ёки ёмонлашувчи ҳолатлар, лекин улар орасидаги боғлиқлик исботланмаган: холестаз билан боғлиқ сариқлик ва/ёки қичишиш; ўт пуфагида тошларни шаклланиши; порфирия; тизимли қизил югурик; гемолитик уремик синдром;
- сиденгам хореяси; ҳомиладорлар герпеси; отосклероз билан боғлиқ эшитишни йўқотиш;
- наслий ангионевротик шиши бўлган аёлларда эстрогенларни қабул қилиш унинг симптомларини чақириши ёки оғирлаштириши мумкин;
- жигар фаолиятини бузилиши;
- глюкозага толерантликни ўзгариши ёки инсулинга резистентликка таъсири;
- крон касаллиги, носпецифик ярали колит;
- хлоазма;
- ута юқори сезувчанлик (шу жумладан тошма, эшакеми каби симптомлар).
Ўзаро таъсири
Перорал контрацептивларни бошқа дори воситалари (фермент индукторлари, айрим антибиотиклар) билан ўзаро таъсири шиддатли қон кетишларга ва/ёки контрацептив самарадорликни пасайишига олиб келади (“Бошқа дори препаратлари билан ўзаро таъсири”га қаранг).
Агар ножўя самаралардан биронтаси жиддий тус олса ёки Сиз йўриқномада кўрсатилмаган нохуш самараларни сезсангиз, илтимос бу ҳақида ўз шифокорингизга ёки фармацевтга хабар беринг.
Доза ошириб юборилганида жиддий бузилишлар тўғрисида хабар берилмаган.
Мажмуавий перорал контрацептивларни қўллашнинг жамики тажрибаси асосида фаол таблеткаларнинг дозаси ошириб юборилганда қайд этилиши мумкин бўлган симптомлар: кўнгил айниши, қусиш, қиндан суркалувчи қонли ажралмалар ёки метроррагия ҳисобланади.
Доза ошириб юборилганида шифокорга мурожаат қилиш керак.
Бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири.
Айрим дори воситалари Джеснинг самарадорлигини пасайтириши мумкин. Буларга тутқаноқни (масалан, примидон, фенитоин, барбитуратлар, карбамазепин, окскарбазепин, топирамат, фелбамат), туберкулёзни (масалан, рифампицин, рифабутин) ва ОИТВ-инфекцияни даволаш учун ишлатиладиган препаратлар (масалан, ритонавир, невирапин): бошқа баъзи инфекцион касалликларни даволаш учун ишлатиладиган антибиотиклар (масалан, пенициллин, тетрациклинлар, гризеофульвин), шунингдек далачой асосидаги (асосан пасайган кайфиятни даволашда ишлатиладиган) дори воситалар киради.
Перорал мажмуавий контрацептивлар бошқа препаратлар (масалан, циклоспорин ва ламотриджин) нинг метаболизмига таъсир қилиши мумкин.
Калийнинг зардобдаги миқдорини ошириши мумкин бўлган бошқа препаратлар билан бир вақтда Джесни қабул қилаётган аёлларда назарий жиҳатидан зардобдаги калийнинг миқдорини ошишини эҳтимоли бор. Бу препаратларга ангиотензин II-рецепторларининг антагонистлари, айрим яллиғланишга қарши препаратлар (масалан, индометацин), калий тежовчи диуретиклар ва альдостерон антагонистлари киради. Бироқ, дроспиренонни ангиотензин-айлантирувчи фермент ингибиторлари ёки индометацин билан ўзаро таъсирини баҳоловчи текширишларда, плацебо билан таққосланганида, зардобдаги калийнинг концентрацияси орасида ишончли фарқ аниқланмаган.
Сизга Джесни буюрган шифокорга қандай препаратлар қабул қилаётганингизни доимо хабар қилинг. Шунингдек, бошқа препаратларни буюраётган ҳар қандай шифокорга ёки стоматологга,шунингдек сизга дорихонада дори воситаларни сотган фармацевтга, сиз Джесни қабул қилаётганингизни хабар қилинг.
Айрим ҳолларда шифокор сизга қўшимча контрацепциянинг тўсиқли усулини (презерватив) ишлатишни тавсия қилиши мумкин.
Бошқа мажмуавий перорал контрацептив препаратларни ишлатишга оид қуйидаги огоҳлантиришларни, Джесни қўлланганда хам ҳисобга олиш керак:
Тромбоз
Тромбоз - қон томирларини беркитиб қўйиши мумкин бўлган қон лахтаси (тромбни) ҳосил бўлишидир. Тромб ажралганида тромбоэмболия ривожланади. Баъзида тромбоз оёқларнинг чуқур веналарида (чуқур веналар тромбози), юрак томирларида (миокард инфаркти), бош мия томирларида (инсульт) ва камдан-кам ҳолларда - бошқа аъзоларнинг томирларида ривожланади.
Мажмуавий перорал контрацептив воситаларини қабул қиладиган аёлларда тромбозларнинг хавфи, уларни ишлатмайдиганларга қараганда бир мунча кўпроқ учрайди, аммо ҳомиладорлик давридаги каби юқори эмас.
Тромбознинг хавфи ёш ўтган сари, шунингдек чекилган сигаретларнинг сони ошиб борганида ҳам ошади.
Джес қўлланганида чекишни тўхтатиш керак, айниқса, агар сизнинг ёшингиз 35 дан ошган бўлса тўхтатиш керак.
Чуқур веналар тромбозининг хавфи операция вақтида ёки узоқ муддатли иммобилизацияда (ҳаракатсизликда), масалан, оёғингиз гипсда бўлганида, давомли ётоқ тартибида вақтинча ошади. Режалаштирилаётган операция ёки госпитализация ҳолатларида сиз мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилаётганингиз ҳақида шифокорни эртароқ огоҳлантиринг. Шифокор сизга препаратни қўллашни тўхтатишни (операция режалаштирилаётган бўлса, ҳеч бўлмаганда ундан 4 ҳафта олдин) ва иммобилизация тугаганидан кейин 2 ҳафта давомида қабул қилишни қайтадан тикламасликни тавсия этиши мумкин.
Юқори артериал босим аниқланганида шифокор сизга мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилишни тўхтатишни тавсия этиши мумкин.
Ўсмалар
Мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилиш ва сут безларининг раки орасидаги боғлиқлик исботланмаган, бироқ мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилаётган аёлларда бир хил ёшдаги уларни ишлатмаётган аёлларга нисбатан у кўпроқ аниқланади. Эҳтимол, бу фарқнинг келиб чиқиши шундан иборатки, препарат қабул қилаётганда аёллар текширувдан кўпроқ ўтадилар ва шунинг учун сут безининг раки эрта босқичида аниқланади.
Кам ҳолларда жинсий стероидлар қўллаш фонида жигарнинг хавфсиз ўсмаси, камдан-кам ҳолларда эса - жигарнинг хавфли ўсмасининг ривожланиши кузатилган, улар ҳаёт учун хавфли бўлган қорин ичидаги қон кетишларига олиб келиши мумкин. Препаратни қўллаш билан боғлиқлиги исботланмаган. Кутилмаганда қорин соҳасида кучли оғриқлар пайдо бўлганида дарҳол шифокор билан маслаҳатлашинг.
Бачадон бўйнининг ракининг ривожланишини энг жиддий хавф омили доимий давом этувчи папиллома-вирусли инфекциядир. Бачадон бўйнининг раки мажмуавий орал контрацептивларни узоқ вақт давомида ишлатган аёлларда бироз кўпроқ аниқланади. Мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилиш билан боғлиқлиги исботланмаган. Бу балки бачадон бўйни касалликларини аниқлаш учун тез-тез ўтказиладиган гинекологик кўриклар билан ёки жинсий хулқ хусусиятлари билан (контрацепциянинг тўсиқли усулларини жуда кам қўллаш) боғлиқ бўлиши мумкин.
Самарадорликни пасайиши
Мажмуавий перорал контрацептив препаратларнинг самарадорлиги қуйидаги ҳолларда пасайиши мумкин: таблеткалар ўтказиб юборилганида, қусишда ва диареяда ёки дориларнинг ўзаро таъсири натижасида.
Хлоазмга мойил бўлган аёллар мажмуавий перорал контрацептивларни қабул қилиш вақтида қуёшда узоқ бўлиш ва ультрабинафша нурланишининг таъсиридан сақланишлари керак.
Ангионевротик шишнинг наслий кўринишлари бўлган аёлларда экзоген эстрогенлар ангионевротик шишни чақириши ёки симптомларини оғирлаштириши мумкин.
Хайз кўриш орасидаги қон кетишлар
Барча перорал контрацептив воситаларини қабул қилишдаги каби, Джесни қабул қилишда ҳам биринчи бир неча ой давомида хайз кўришлар орасидаги даврда номунтазам қон кетишлари (суркалувчи қонли ажрамалар ёки ёриб ўтиб қон кетишлари) кузатилиши мумкин. Гигиена воситаларини ишлатинг ва таблеткаларни одатдагидек қабул қилишни давом эттиринг.
Ҳайз кўришлар орасидаги қиндан қон кетишлари одатда Джесга нисбатан организмингизнинг мослашиши сари тугаб боради (одатда таблеткаларни қабул қилишнинг 3 та циклидан сўнг). Агар улар давом этса, оғирлашса ёки тўхтагандан кейин яна тикланса, шифокорга мурожаат қилинг.
Навбатдаги хайз кўришни бўлмаслиги
Агар сиз барча таблеткаларни тўғри қабул қилган бўлсангиз ва сизда қусиш ва бир вақтда бошқа дори воситаларини қабул қилиш ҳолати кузатилмаган бўлса, сизнинг ҳомиладор бўлиб қолганингиз эҳтимоли жуда кам. Джесни одатдагидек қабул қилишни давом эттиринг.
Агар сизда хайз қўриш кетма-кет икки марта кузатилмаса, дарҳол шифокорга мурожаат қилинг. Шифокор ҳомиладор бўлганингизни истисно қилмагунча, кейинги ўрамни қабул қилишни бошламанг.
Автомобилни ва механизмларни бошқариш бошқариш қобилиятига таъсири
Аниқланмаган.
Қачон шифокор билан маслаҳатлашиш керак
Мунтазам текширувлар
Агар сиз Джесни қабул қилаётган бўлсангиз, шифокор одатда, аёл бир йилда ҳеч бўлмаганда 1 марта текширувдан ўтиши лозим бўлган мунтазам текширувларни ўтказиш ҳақида хабар беради.
Иложи борича тезроқ шифокор билан маслаҳатлашинг:
- саломатлигингизда ҳар қандай ўзгаришлар кузатилса, айниқса бу илова-варақада кўрсатилмаган ҳар қандай ҳолатларда (шунингдек “Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар” ва «Эҳтиёткорлик билан қўланиши” га қаранг);
- сут безида локал қаттиқлашишида;
- агар сиз бошқа дори препаратларини ишлатмоқчи бўлсангиз (шунингдек “Бошқа дори воситалари билан ўзаро таъсири” бўлимига қаранг);
- агар узоқ муддатли ҳаракатсизлик кутилаётган бўлса (масалан оёққа гипс қўйилган), госпитализация ёки операция режалаштирилаётган бўлса (унгача ҳеч бўлмаганида 4-6 ҳафта қолганида шифокор билан маслаҳатлашинг);
- қиндан одатдаги бўлмаган кучли қон кетиши пайдо бўлганида;
- агар сиз препаратни қабул қилишни биринчи ҳафтасида таблеткани қабул қилишни унутган бўлсангиз (ўрамдаги биринчи қатор таблеткалари) ва бунгача етти ёки ундан камроқ кун аввал жинсий алоқа қилган бўлсангиз;
- сизда икки марта бирин кетин навбатдаги хайз кўриш бўлмаганида ёки сиз ҳомиладорликни гумон қилсангиз (шифокор билан маслаҳатлашмасдан кейинги ўрамдан қабул қилишни бошламанг!).
Агар сиз тромбознинг, миокард инфарктининг ёки инсультнинг мумкин бўлган белгиларини: одатдагига ўхшамаган йўтал; чап қўлга берадиган тўш ости жуда кучли оғриқларида; тўсатдан пайдо бўлган ҳансираш; одатдаги бўлмаган кучли ёки давомли бош оғриғи ёки мигрень хуружлари; кўришни қисман ёки тўлиқ йўқотиш ёки кўзга иккита бўлиб кўриниш; аниқ бўлмаган нутқ; тўсатдан эшитишнинг, ҳид ёки таъм сезишнинг ўзгаришлари; бош айланиши ёки хушдан кетиш ҳолатлари; ҳолсизлик ёки тананинг ҳар қандай қисмида сезувчанликни йўқолиши; қоринда кучли оғриқ; оёқда кучли оғриқ ёки оёқларнинг бирида тўсатдан тайдо бўлган шишни сезсангиз препарат қабул қилишни тўхтатинг ва дарҳол шифокор билан маслаҳатлашинг.
Джес ВИЧ инфекцияси (СПИД) ёки жинсий йўл орқали юқадиган ҳар қандай бошқа касалликларнинг олдини олаолмайди.
Джес шифокор томонидан шахсан сизга буюрилган, препаратни бошқаларга берманг!
Плёнка қобиқ билан қопланган таблеткалар. 28 таблеткадан (24 фаол таблетка ва 4 плацебо таблетка) блистерда. 1 блистер картон-йиғма китобчага елимланган. 1 ёки 3 йиғма китобча ўзи елимланадиган тақвим ва қўллаш бўйича йўриқномаси билан тиниқ плёнкада.
Қуруқ жойда, 30 °С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.
Болалар олаолмайдиган жойда сақлансин.
5 йил.
Яроқлилик муддати ўтгандан сўнг қўлланилмасин!
Рецепт бўйича.
Байер Шеринг Фарма АГ, ишлаб чиқарилган: Шеринг ГмбХ и Ко. Продукционс КГ, Германия. D-13342 Берлин.
Bayеr Schering Pharma AG, manufactured by Schering GmbH & Co. Produktions KG, Germany. D-13342 Berlin
Nomi | Narxi so'm |
---|---|
Djess Plus (Yes Plus) plyonka bilan qoplangan planshetlar №28 (1 blister) | 329999 so'm |