Facebook Pixel Code

Trombopol

Tovarlar: 3
dagi narxlar
dan 28500 so'm gacha 48200 so'm (81 dorixona)
Uchun ko‘rsatma Trombopol ichak bilan qoplangan tabletkalar 75 mg №60 (6 blister x 10 tabletka)

Ko‘rsatma uchun ko‘rsatilgan «Trombopol ichak bilan qoplangan tabletkalar 75 mg №60 (6 blister x 10 tabletka)»

Бир таблетка қуйидагиларни сақлайди:

фаол модда: 75 мг ёки 150 мг ацетилсалицил кислотаси;

ёрдамчи моддалар: кукунсимон целлюлоза, маккажўхори крахмали, натрий кармеллоза,

Кобиқ таркиби: гипромеллоза, триэтилцитрат, метакрил кислотасининг сополимери, тальк, титан диоксиди, лаурил сульфати, сувсиз коллоид кремний диоксиди, натрий карбонат моногидрати.

Думалоқ, икки томонлама қавариқ, оқ, қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалар.

Антиагрегантлар. АТХ коди: В01АС06.

Тромбопол салицил кислотасини ацетил ҳосиласини сақловчи восита бўлиб, тромбоцитлар агрегациясини тормозлайди, иситма туширувчи, оғриқни қолдирувчи ва яллиғланишга қарши таъсирга эга.

Ацетилсалицил кислотаси томонидан тромбоцитлар агрегациясини тормозлаш механизми тромбоцитлардаги циклооксигеназа фаоллигини тормозланишига асосланган, у арахидон кислотасини простагландинлар ва тромбоксанларнинг ўтмишдоши хисобланган циклик пероксидларга (PGG2 ва PGH2) айлантиради.

Агрегацияни тормозланиши препаратнинг кичик дозаларида кузатилади ва бир марталик дозани қабул қилгандан сўнг бир неча кун сақланиб туради.

Ацетилсалицил кислотасининг бу хусусиятлари тромбоэмболик асоратларни профилактикасида ва даволашда, шунингдек миокард инфаркти ва юракнинг ишемик касалликларини профилактикасида қўлланилади.

Тромбопол ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалар, меъдада эримайдиган дори шакли бўлиб, бунинг натижасида ацетилсалицил кислотасининг меъда шиллиқ қавати билан бевосита контакт хавфи камаяди. Таблеткани эриши ва фаол моддани ажралиб чиқиши ўникки бармоқ ичакнинг ишқорий муҳитида юз беради.

Фармакокинетикаси

Сўрилиши

Ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалардан ацетилсалицил кислотасини сўрилиши, анъанавий шаклларидан ажралиб чиқишига нисбатан бир оз ўзгача кечади. Препаратни сўрилиши қабул қилингандан кейин 3-6 соат ўтгач бошланади, бу қобиқнинг борлиги дори препаратини меъдада эришига самарали тўсқинлик қилади.

Плазмадаги максимал концентрация 6 соатдан кейин кузатилади ва 150 мг ли таблеткалар учун ўртача 12,7 мкг/мл ни ва 75 мг ли таблеткалар учун 6,72 мкг/мл ни ташкил қилади.

Меъда-ичак йўлларидаги овқат препаратни сўрилишини секинлаштиради, лекин ацетилсалицил кислотасининг биологик кираолишлигини пасайтирмайди.

Ацетилсалицил кислотаси меъда-ичак йўлларида 80-100% сўрилади.

Тақсимланиши

Ацетилсалицил кислотаси организмнинг кўпчилик тўқималари ва суюқликларида тез ва аҳамиятли даражада тақсимланади.

Нисбий тақсимланиш ҳажми тахминан 0,15-0,2 л/кг ни ташкил қилади ва препаратнинг зардобдаги концентрацияси ўсиши билан ошади.

Агар концентрацияси 120 мкг/мл ни ташкил қилса, ацетилсалицил кислотасининг тахминан 33% плазма оқсиллари билан боғланади.

Оқсиллар билан боғланиш даражаси альбуминлар даражасига боғлиқ, соғлом шахсларда бу концентрацияни пасайиши билан параллел камаяди.

Буйрак етишмовчилигида, ҳомиладорлик даври ва чақалоқларда ацетилсалицил кислотасини плазма оқсиллари билан боғланиши нафақат гипоальбуминемия оқибатида камаймайди, балки препаратни оқсиллар билан боғларидан сиқиб чиқарувчи эндоген омилларнинг кумуляцияси туфайли ҳам камаяди.

Биотрансформацияси

Ацетилсалицил кислотаси сўрилиш даврида қисман биотрансформацияга учрайди. Ушбу жараён эстераза иштирокида асосан жигарда, ва шунингдек қон зардобида, эритроцитларда ва бўғим суюқлигида кузатилади.

Салицилатлар асосан глицин билан салицил кислотасини ва глюкурон кислотаси билан салицилфенол ва салицилацил-глюкуронатни ҳосил қилиб, конъюгацияга учрайди; фақат уларнинг озгина қисми гентизин кислотаси, 2,3-дигидроксибензой ва 2,3,5-тригидроксибензой кислотасини ҳосил қилиб гидроксилланади.

Аёлларда гидроксилланиш жараёни секинроқ кечади (қон зардобида эстеразанинг фаоллиги паст).

Чиқарилиши

Элиминация фазасида ацетилсалицил кислотасининг ярим чиқарилиш даври тахминан 2-3 соатни ташкил қилади.

Бошқа салицилатлардан фарқли равишда, гидролизланмаган ацетилсалицил кислотаси кўп марта юборишидан кейин қон зардобида тўпланмайди.

Ацетилсалицил кислотасининг ичга қабул қилинган дозасининг тахминан 1% сийдик билан гидролизланмаган ацетилсалицил кислотаси кўринишида, қолган қисми салицил кислотаси ва унинг метаболитлари кўринишида чиқарилади.

Буйраклар фаолияти меъёрида бўлган беморларда ацетилсалицил кислотасининг бир марталик дозасининг 80-100% сийдик билан 24-72 соат давомида чиқарилади.

  • хавф омиллари (масалан, қандли диабет, гиперлипидемия, артериал гипертензия, семириш, чекиш, кексалик ёши) бўлганида ўткир миокард инфаркти ва такрорий миокард инфарктини олдини олиш;
  • ностабил стенокардия;
  • инсультни олдини олиш (шу жумладан, бош мияда қон айланишини ўткинчи бузилишлари бўлган пациентларда);
  • бош мия қон айланишини ўткинчи бузилишини олдини олиш;
  • қон томирларидаги операциялар ва инвазив аралашувлардан (масалан, аорта коронар шунтлаш, уйқу артерияларнинг эндоартерэктомияси, артериовеноз шунтлаш, уйқу артерияларнинг ангиопластикаси) кейинги тромбоэмболияларни олдини олиш;
  • чуқур веналар тромбози ва ўпка артерияси ва унинг шохларининг тромбоэмболиясини олдини олиш (шу жумладан, катта жарроҳлик аралашувлар натижасидаги узоқ муддатли иммобилизацияда).

Кўпинча суткада 75 мг ли 1-2 таблеткадан ёки 150 мг ли 1 таблеткадан овқатланиш вақтида ёки овқатланишдан кейин қўлланади. Таблеткаларни чайнамасдан, оз миқдордаги сув билан ютиш керак.

Янги миокард инфарктида ёки янги миокард инфарктига тахмин қилинган пациентларда: тромбоцитлар агрегацияси жараёнини тез сусайтириш мақсадида ацетилсалицил кислотасининг суткадаги бир марталик бошланғич тўйинтириш дозаси 225-300 мг ни ташкил этади. Таблеткаларни сўрилишини тезлаштириш учун чайнаш керак.

Қон ва лимфатик тизим томонидан бузилишлар:

Қон кетиш хавфини ошиши, қон кетиш вақтини ошиши, протромбин вақтини ошиши, тромбоцитопения. Қон кетишлари: периоперацион қон кетишлар, гематомалар, бурундан қон кетиши, сийдик чиқариш йўллари ва жинсий аъзолардан қон кетиши, милклардан қон кетиши кузатилган. Кам ёки жуда кам ҳолларда жиддий қон кетишлари: меъда-ичакдан қон кетиши, геморрагик инсульт (айниқса, назорат қилиб бўлмайдиган артериал гипертензияси бўлган пациентларда ва (ёки) қон тўхтатувчи воситалар бир вақтда қабул қилинган ҳолда) кузатилган, улар якка ҳолларда пациентнинг ҳаётига потенциал хавф солиши мумкин.

Қон кетиши мувофиқ клиник ва лаборатор кўринишлар билан аниқланган астения, рангпарлик, гипоперфузия каби симптомлар билан кечувчи қон кетиши ва (ёки) темир танқислиги (масалан, яширин қон кетишлар натижасида) оқибатида ўткир ва сурункали анемияга олиб келиши мумкин.

Шунингдек, глюкоза-6-фосфатдегидрогеназа танқислиги ва лейкопения, агранулоцитоз ёки эозинопенияси бўлган пациентларда гемолитик анемия кузатилиши мумкин.

Иммун тизими томонидан бузилишлар:

Мувофиқ клиник симптомлар ва лаборатор маълумотлар ўзгариши билан кечувчи юқори сезувчанлик реакциялари: бронхиал астма, тери реакциялари, тошма, шиш, қичишиш, кардиореспиратор бузилишлар. Жуда кам ҳолларда оғир реакциялар, шу жумладан анафилактик шок юз бериши мумкин.

Нерв тизими томонидан бузилишлар:

Бош айланиши ва қулоқларни шанғиллаши (одатда, доза ошириб юборилиши натижасида), эшитишни бузилиши.

Юрак томонидан бузилишлар:

Юрак етишмовчилиги.

Қон томирлар томонидан бузилишлар:

Артериал гипертензия.

Меъда-ичак йўллари томонидан бузилишлар:

Диспепсик симптомлар (жиғилдон қайнаши, кўнгил айниши, қусиш), қоринда оғриқ, иштаҳани йўқолиши, кам ҳолларда меъда ва ичакни яллиғланиши ҳолатлари; кам ҳолларда қон кетиши ва перфорацияга олиб келувчи, тегишли клиник симптомлар ва лаборатор кўрсаткичларни ўзгариши бўлган меъда ва (ёки) ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги.

Жигар ва ўт йўллари томонидан бузилишлар:

Жигар трансаминазаси даражасини, ишқорий фосфотазани ва билирубин даражасини ошиши билан кечувчи жигар фаолиятини транзитор бузилишлари кам таърифланган. Шунингдек, гепатоцитларнинг ўчоқли некрози, айниқса, анамнезида ювенил ревматоид артрити, тизимли қизил югурик, ревматик иситма ёки жигар касалликлари бўлган пациентларда жигарни катталашиши ва оғриқ хисси бўлиши мумкин.

Буйрак ва сийдик чиқариш йўллари томонидан бузилишлар:

Кам ҳолларда, ацетилсалицил кислотасини юқори дозаларда қўлланилишидан сўнг буйрак сўрғичларининг некрози ва интерстициал нефрит юзага келган. Шунингдек, протеинурия кузатилиши ва сийдикда лейкоцитлар ва эритроцитлар аниқланиши мумкин.

Ацетилсалицил кислотасини сақловчи препаратларни давомий қўлланилиши кейинги дозаларни қабул қилиш билан кучаядиган бош оғриғига сабаб бўлиши мумкин.

Анальгетик воситаларни, айниқса, бир нечта таъсир этувчи модда сақловчиларини, узоқ вақт қўлланилиши буйрак фаолиятини оғир бузилишига ва буйрак етишмовчилигига олиб келиши мумкин.

Фаол модда ёки ҳар қандай ёрдамчи моддаларга юқори сезувчанлик. 0,3% аҳоли, шу жумладан 20% бронхиал астма ва сурункали эшакеми билан оғриган беморларда кузатилган ацетилсалицил кислотасига юқори сезувчанлик. Юқори сезувчанлик симптомлари: эшакеми ва хатто шок, ацетилсалицил кислотаси қабул қилинганидан сўнг 3 соат давомида юз бериши мумкин.

Бронхоспазм, ринит, шок каби симптомлар билан кечувчи бошқа ностероид яллиғланишга қарши препаратларга юқори сезувчанлик.

Бронхиал астма, нафас тизимининг сурункали касалликлари, пичан иситмаси ёки бурун шиллиқ қаватини шиши, чунки ушбу касалликлари бўлган пациентлар ностероид яллиғланишга қарши дори препаратларига астма хуружлари, тери ва шиллиқ қаватларни чекланган шиши (ангионевротик шиши) ёки бошқа пациентларга қараганда кўпроқ эшакеми билан реакция қилишлари мумкин.

Зўрайиш босқичидаги меъда ва (ёки) ўникки бармоқ ичакнинг яра касаллиги, ва шунингдек, яллиғланиш ҳолатлари ёки меъда-ичакдан қон кетишилари (меъда-ичакдан қон кетиши ёки яра касалликларини қайталаниши бўлиши мумкин).

Қон ивишини бузилишлари (масалан, гемофилия, Виллебранд касаллиги, телеангиэктазия, тромбоцитопения), шунингдек агар пациент антикоагулянтлар (масалан, кумарин ҳосиласи, гепарин) билан даволаниш ўтаётган бўлса.

Оғир жигар ёки буйрак етишмовчилиги.

Оғир юрак етишмовчилиги.

Ҳомиладорнинг III уч ойлиги. Лактация даври.

Глюкозо-6-фосфатдегидрогеназа танқислиги.

16 ёшгача бўлган болаларда қўлланилиши, айниқса ўткир вирусли инфекцияларда, Рейе синдроми бўлиши мумкинлиги хавфини ҳисобга олган ҳолда.

Миелотоксикликни ҳисобга олган ҳолда, метотрексат билан бирга бир ҳафтада 15 мг ёки юқорироқ дозаларда бир вақтда қўлланилиши мумкин эмас.

Ацетилсалицил кислотаси билан бир вақтда қўллаш мумкин бўлмаган дори воситалари:

Метотрексат билан бир ҳафтада 15 мг ёки кўпроқ дозаларда.

Метотрексатнинг суяк кўмигига захарли таъсирини ошиши (яллиғланишга қарши препаратлар билан бир вақтда қўлланганида метотрексатнинг буйрак клиренсини пасайиши - шунингдек ацетилсалицил кислотаси билан - плазма оқсиллари билан боғланган метотрексатни салицилатлар томонидан сиқиб чиқарилиши - “Қўллаш мумкин бўлмаган ҳолатлар”га қаранг).

Махсус эҳтиёткорликни талаб этувчи, дориларнинг ўзаро таъсири:

Метотрексат билан ҳафтада 15 мг дан камроқ дозаларда. Метотрексатнинг суяк кўмигига заҳарли таъсирининг ошиши (яллиғланишга қарши препаратлар билан бир вақтда қўлланилишида метотрексатнинг буйрак клиренсини пасайиши - шунингдек ацетилсалицил кислотаси билан - плазма оқсиллари билан боғланган метотрексатни салицилатлар томонидан сиқиб чиқарилиши - “Махсус кўрсатмалар” бўлимига қаранг).

Ибупрофен

Ибупрофенни бир вақтда қўлланиши ацетилсалицил кислотаси чақирган тромбоцитлар агрегациясини қайтмас тормозланишига қарши таъсир қилади. Юрак-қон томир ҳолатларини юқори хавфи бор пациентларда ибупрофен билан даволаш ацетилсалицил кислотасини кардиопротектор таъсирини пасайтириши мумкин (“Махсус кўрсатмалар” бўлимига қаранг).

Антикоагулянтлар (кумарин ҳосиласи, гепарин)

Ацетилсалицил кислотасини қон ивишига қарши воситалар билан бир вақтда қўлланиши қон ивишига қарши таъсирини кучайтириши мумкин. Ацетилсалицил кислотасининг антиагрегацион хусусиятлари ва плазма оқсиллари билан боғланган қон ивишига қарши препаратларни сиқиб чиқарилиши туфайли юзага келувчи қон кетиши вақтини ва қон қуйилишини ошишини юқори хавфи бўлади.

Бошқа ностероид яллиғланишга қарши дори препаратлари, шу жумладан, юқори дозалардаги салицилатлар (суткада ≥ 3 г).

Ацетилсалицил кислотаси ностероид яллиғланишга қарши воситалар билан бир вақтда қўлланганида меъда ва (ёки) ўн икки бармоқ ичак яра касаллиги ва меъда-ичак қон кетиши, шунингдек, бу препаратларнинг синергик таъсири билан боғлиқ буйракни шикастланиш хавфини оширади.

Сийдик кислотасини сийдик билан чиқарилишини оширувчи дори препаратлар, масалан, бензбромарон, пробенецид.

Ацетилсалицил кислотаси сийдик кислотаси чиқарилишини оширувчи препаратлар билан бир вақтда қўлланилиши подаграга қарши воситаларни таъсирини пасайишига олиб келади (буйрак найчалари орқали сийдик кислотасини чиқарилиш жараёнини рақобати).

Дигоксин

Ацетилсалицил кислотасини дигоксин билан бир вақтда қўлланилиши буйрак орқали дигоксинни кам чиқарилиши юзага келиши туфайли плазмада дигоксиннинг миқдорини ошишини чиқаради.

Диабетга қарши воситалар, масалан, инсулин, сульфонилмочевина ҳосиласи.

Плазма оқсиллари билан боғланган гипогликемик хусусиятлари ва сульфонилмочевина ҳосилаларини сиқиб чиқарилиши туфайли ацетилсалицил кислотаси диабетга қарши препаратларнинг таъсирини оширади.

Ацетилсалицил кислотаси билан бир вақтда қўлланилаётган тромболитик препаратлар ва тромбоцитлар агрегациясини сусайтирувчи воситалар, масалан тиклопидин қон кетиши ва қон қуюлиши вақти узайиши хавфини оширади.

Диуретикларни ва ацетилсалицил кислотасини суткада 3 г ва ундан ортиқ дозаларда бир вақтда қўлланиши - буйракларда простагландинлар синтезини сусайиши оқибатидаги калава фильтрациясини камайиши натижасида организмда сув ва натрий тутилиши билан боғлиқ диуретик таъсирни камайиши. Ацетилсалицил кислотаси фуросемидни ототоксик таъсирини кучайтириши мумкин.

Тизимли глюкокортикоидлар (Аддисон касаллигида ўринбосар терапия тарзида ишлатиладиган тизимли глюкокортикостероидлар, гидрокортизондан ташқари) - улар ацетилсалицил кислотаси билан биргаликда ишлатилганда меъда-ичакдан қон кетиши ва яра касаллиги ривожланиши хавфини оширади, ва шунингдек, даволаш давомида плазмада салицилатлар концентрациясини пасайтиради, қўллаш тугатилганидан сўнг салицилатларнинг дозасини ошириб юборилиш хавфи ошади.

ААФ ингибиторлари ва ацетилсалицил кислотасини суткада 3 г ва ундан ортиқ дозаларда бир вақтда қўлланиши - қон томирларни кенгайтирувчи простагландинлар синтезини сусайиши оқибатида калава фильтрацияси камайиши билан боғлиқ гипотензив таъсир сусаяди.

Вальпроат кислотаси.

Плазма оқсиллари билан боғланган вальпроат кислотасини сиқиб чиқарилиши натижасида, ацетилсалицил кислотаси унинг токсиклигини оширади. Иккала препаратнинг синергик антиагрегацион самараси туфайли вальпроат кислотаси ацетилсалицил кислотасини антиагрегацион таъсирини кучайтиради.

Алкоголь

Алкоголь меъда-ичак йўллари томонидан кузатиладиган нохуш самараларининг, яъни шиллиқ қаватида яра ҳосил бўлиши ёки қон кетиши хавфини ошириши мумкин.

Ацетазоламид

Ацетилсалицил кислотаси ацетазоламиднинг концентрациясини ва шу билан унинг токсиклигини хам сезиларли даражада ошириши мумкин.

Дори препаратининг симптомларни бартараф этиш учун зарур бўлган минимал, самарали дозада имкон борича қисқа даврда қўлланилиши ножўя самаралар хавфини камайтиради.

Буйрак фаолияти бузилишлари ёки сурункали буйрак етишмовчилиги бор беморларда эҳтиёткорликка риоя қилиш керак (чунки, ацетилсалицил кислотаси ва унинг метаболитлари сийдик билан чиқарилади, ва бу нохуш симптомларни ривожланиш хавфини оширади).

Ювенил ревматоид артрити ва (ёки) тизимли қизил югурик, шунингдек жигар фаолияти бузилган пациентларда дори маҳсулотини эҳтиёткорлик билан қўллаш керак, чунки салицилатларнинг токсиклиги ошади; бу пациентларда жигар фаолиятини назорат қилиш керак.

Операция пайтида ва ундан кейин қон кетиши узайиши хавфини ҳисобга олиб, режалаштирилган жарроҳлик операциялардан 5-7 кун олдин ацетилсалицил кислотасини қабул қилишни тўхтатиш керак.

Метотрексатни суяк кўмигига токсик таъсирини потенциялашини хисобга олиб, метотрексатни хавфтасига 15 мг дан кам дозаларда қўллашда эҳтиёткорликка риоя қилиш керак. Метотрексатни юқори дозаларда вена ичига инфузия қилишдан 24-48 соат олдин салицилатларни бекор қилиш керак. Метотрексатни ҳафтада 15 мг дан ошувчи дозаларда бир вақтда қўлланилиши таъқиқланади.

Бачадондан қон кетиши, ҳаддан кўп хайз қон кетиши, бачадон ички контрацептивларини қўллаш, артериал гипертензия, ва шунингдек юрак етишмовчилигида эҳтиёткорлик билан қўлланилсин.

Дори препаратини гипогликемик таъсир хавфини ошишини ҳисобга олиб, сульфонилмочевина гуруҳига кирувчи перорал гипогликемик препаратларни қабул қилувчи, ва шунингдек подаграга қарши дори воситаларини қабул қилувчи пациентларга буюриш мумкин эмас.

Меъда-ичак йўллари шиллиқ қавати шикастланиши мумкинлиги хавфи ошишини ҳисобга олиб, ацетилсалицил кислотаси билан даволанишда алкоголни истеъмол қилиш мумкин эмас.

Кекса ёшдаги пациентларда нохуш самаралар бўлиши мумкинлиги хавфи ошишини ҳисобга олиб, препаратни кичик дозаларда ва катта вақт оралиқлари билан қўллаш керак.

Циклооксигеназани (простагландинлар синтези) сусайтирувчи дори препаратлари овуляцияга таъсири орқали аёллар фертиллигини бузилишини чақириши мумкинлиги ҳақида далиллар бор. Бу самара транзитор характерга эга ва у даволаш тугагандан кейин йўқолади. Бу таъсир ацетилсалицил кислотасини суткада ≥500 мг дозада буюрилганда кузатилиши мумкин.

Ибупрофен қабул қилаётган пациентларда алоҳида эҳтиёткорликка риоя қилиш керак.

Ҳомиладорликнинг I ва II уч ойликларида ацетилсалицил кислотасини алоҳида эҳтиёткорлик билан қўллаш керак. Препаратни эмизикли оналарга буюриш мумкин эмас.

Фертилликка, ҳомиладорликка ва эмизиш даврига таъсири

Ҳомиладорлик:

Простагландинлар синтезини сусайиши ҳомиладорликни кечишига, эмбрион ва ҳомила ривожланишига нохуш таъсир кўрсатиши мумкин. Эпидемиологик тадқиқотларнинг маълумотлари ҳомила тушишини юқори хавфи ва туғма юрак ва овқат хазм қилиш тизими нуқсонлари ҳомиладорликнинг эрта даврида простагландинлар синтези ингибиторларини қўлланиши билан боғлиқлигини кўрсатади.

Юрак-қон томир тизими нуқсонлари ривожланиши хавфини ўта ошиши бу тадқиқотларда <1% дан деярли 1,5% ни ташкил қилган. Юқорида келтирилган нуқсонлар пайдо бўлиш хавфи препаратни юқори дозада ва шунингдек, узоқ вақт даволаш туфайли ошган бўлиши мумкин.

Онаси туғруққача ацетилсалицил кислотасини қўллаган чақалоқларда субконъюнктивал геморрагия, гематурия, петехиялар, кефалогематома каби қон кетишлари кузатилган.

Бошқа тадқиқотларда онаси туғруқ пайтига бир ҳафта қолгунича бўлган вақтда ацетилсалицил кислотасини қўллаган чала туғилганларда бош мияга ички қон қуюлишлари кузатилган.

Ҳайвонларда ҳомила учун ўлим дозаси клиник амалиётда қўлланилган дозадан юқори бўлган. Органогенез даврида простагландинлар синтези ингибиторлари юборилган хайвонларда туғма нуқсонлар, шу жумладан, юрак-томир тизими нуқсонлари тез-тезлигини ошганлиги кузатилган.

Ацетилсалицил кислотаси йўлдош тўсиғидан осон ўтади. Ҳомиладорликнинг биринчи 6 ойлигида дори препарати фақатгина зарур ҳолларда қўллаш мумкин. Эндигина ҳомиладор бўлган ёки ҳомиладорликнинг биринчи ва иккинчи уч ойлигидаги аёлларга ацетилсалицил кислотасини қўллаш зарурати бўлса, энг кам самарали дозада, энг қисқа вақт давомида қўллаш керак.

Ҳомиладорликнинг охирги уч ойлигида простагландинлар синтези ингибиторлари гуруҳидаги барча препаратлар ҳомилага оғир таъсир кўрсатиши мумкин:

  • қон айланиш тизимига (аорта йўлини эрта ёпилиши билан ўпка гипертензияси).
  • буйракларга (кам сувлик билан буйрак етишмовчилиги кузатилиши мумкин).
  • Ҳомиладорликнинг учинчи уч ойлигида простагландинлар синтези ингибиторлари гуруҳидаги барча препаратларнинг юборилишида:
  • хатто жуда кам дозаларда қабул қилишда ҳам, онада ва болада қон кетиш вақтини узайтириши ва антиагрегацион таъсир кўрсатиши мумкин.
  • бачадонни қисқариши қобилиятини сусайтириши мумкин, бундай таъсир дистоция тезлигини ошиши ва хайвонларда туғруқни кечикиши билан боғлиқ бўлган.
  • Шу билан бирга, ацетилсалицил кислотасини ҳомиладорликнинг охирги уч ойлигида қўллаш мумкин эмас.

Лактация

Ацетилсалицил кислотаси ва унинг метаболитлари эмизикли оналарда кўкрак сути билан оз миқдорда ажралади. Эмизикли оналарда салицилатларни қисқа вақт қўлланишида ҳозиргача болаларда нохуш самаралар пайдо бўлиши кузатилмаганлиги туфайли, эмизишни тўтатиш мажбурий ҳисобланмайди. Лекин, ацетилсалицил кислотасини мунтазам юқори дозаларда қабул қилинганда, эмизишни анча олдин тўхтатиш керак.

Препаратни эмизикли оналарга буюриш мумкин эмас.

Автотранспортни бошқариш ва механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсири

Тромбопол дори воситасини механик транспорт воситаларини бошқариш ва ҳаракатланувчи механизмлар билан ишлаш қобилиятига таъсирига оид тадқиқотлар ўтказилмаган.

Препарат болалар олаолмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Ацетилсалицил кислотаси билан захарланишнинг биринчи симптомлари: кўнгил айниши, қусиш, нафасни тезлашиши, қулоқларда шовқинни ўз ичига олади.

Шунингдек эшитишни йўқолиши, кўришни бузилиши, бош оғриғи, ҳаракат қўзғалиши, уйқучанлик, кома, тиришишлар ва гипертермия каби бошқа симптомлар ҳам кузатилган. Оғир интоксикацияда кислота-ишқор ва сув-электролитлар мувозанатини бузилиши (метаболик ацидоз ва сувсизланиш) юз беради.

Токсикликнинг енгил ва ўртача оғирликдаги симптомлари ацетилсалицил кислотаси тана вазнига 150-300 мг/кг дозада қўлланганида кузатилади. Заҳарланишнинг оғир симптомлари тана вазнига 300-500 мг/кг дозада қабул қилинганидан сўнг кузатилади. Ацетилсалицил кислотасининг потенциал ўлим дозаси тана вазнига 500 мг/кг ни ташкил қилади.

Ацетилсалицил кислотаси билан захарланиш натижасидаги ўлим ҳолати катталарда бир марталик 10 г дан 30 г гача дозада қабул қилгандан сўнг кузатилган. Шунингдек ацетилсалицил кислотасини 130 г дозада қабул қилгандан сўнг тирик қолган пациент ҳақида ҳам таърифланган.

Пациентни шифохонага олиб келиш керак.

Специфик антидот мавжуд эмас.

Дозани ошириб юборилишини даволаш:

Қусишни чақириш ёки меъдани ювиш (препаратни сўрилишини камайтириш мақсадида).

Бундай муолажалар ацетилсалицил кислотасини қабул қилгандан сўнг 3-4 соат давомида, препаратнинг катта дозаларида эса, хаттоки 10 соатгача самарали ҳисобланади.

Ацетилсалицил кислотасини сўрилишини камайтириш учун фаоллаштирилган кўмирни сувли суспензия шаклида (катталарга 50-100 г ёки 30-60 г болаларга) юборилиши керак.

Гипертермия ҳолатида ташқи муҳитнинг паст хароратни ушлаб туриш ва муздек компресслар қўллаш йўли билан тана ҳароратини тушириш керак;

Сув-электролитлар алмашинуви бузилишини қаттиқ назорат қилиш ва уларни тез тўғрилаш керак;

Ацетилсалицил кислотасининг буйраклардаги элиминациясини тезлатиш мақсадида ва ацидозни даволашда натрий гидрокарбонатини вена ичига юбориш керак. Сийдик pH ни 7,0-7,5 чегарада ушлаб туриш керак;

Оғир заҳарланиш холатларида, кислота-ишқор мувозанатини бузилишини тўғрилаш имконияти бўлмаган ҳолларда ва ёндош буйрак етишмовчилиги холатларида гемодиализ ёки перитонеал диализ қўллаш керак. Диализ йўли билан ацетилсалицил кислотасини организмдан самарали чиқариш ва кислота-ишқор ва сув электролитлар мувозанати бузилишини тез тиклаш мумкин;

Протромбин вақтини узайиши холатларида К витаминини қўллаш керак;

Респиратор ацидоз ва кома пайдо бўлиши хавфи туфайли марказий нерв тизимига тормозловчи таъсир кўрсатувчи препаратларни, масалан, барбитуратларни, бир вақтда қўллаш мумкин эмас;

Нафас фаолияти бузилган пациентларга кислород буюриш керак. Агар зарур бўлса, интубация ва ўпкаларни сунъий вентиляциясини ўтказиш керак;

Шок симптомлари холида стандарт шокка қарши даволаш буюриш керак.

75 мг ёки 150 мг ли Тромбопол ичакда эрувчан қобиқ билан қопланган таблеткалар Al/PVC/PVDC плёнкали блистерларга қадоқланади, улар кейин қўллаш бўйича йўриқномаси билан бирга картон қутига жойланади. Бир ўрам 30 ёки 60 таблетка сақлайди.

Қуруқ, ёруғликдан ҳимояланган, 25 °С дан юқори бўлмаган ҳароратда сақлансин.

Қўллаш бўйича йўриқнома билан танишиб чиқиш керак.

3 йил.

Рецептсиз.

“ПОЛЬФАРМА” А.О. Фармацевтика заводи

Пельплиньск кўч. 19,

83-200 Старогард Гданьски, Польша.

Trombopol narxi dan boshlanadi 28500.00
Nomi Narxi so'm
Trombopol ichak bilan qoplangan tabletkalar 75 mg №60 (6 blister x 10 tabletka) 28500 so'm
Trombopol ichak bilan qoplangan tabletkalar 150 mg №60 (6 blister x 10 tabletka) 48200 so'm
Boshqa shaharlarda qidirish