Facebook Pixel Code

Tsefazolin-Bhfz

Tovarlar: 1
dagi narxlar
dan 8600 so'm (53 dorixonalar)
Uchun ko‘rsatma Sefazolin-BHFZ (Cefazolinum) in'ektsiya uchun eritma tayyorlash uchun kukun 1000 mg (flakon)

Ko‘rsatma uchun ko‘rsatilgan «Sefazolin-BHFZ (Cefazolinum) in'ektsiya uchun eritma tayyorlash uchun kukun 1000 mg (flakon)»

1 флакон қуйидагиларни сақлайди: 500 мг ёки 1000 мг цефазолин (цефазолиннинг натрийли тузи кўринишида).

Оқ ёки деярли оқ рангли кукун. Жуда гигроскопик.

Инъекция учун эритма учун кукун.

Тизимли қўллаш учун микробларга қарши воситалар. Цефалоспоринлар. АТХ коди: J01DB04.

Фармакодинамикаси

Цефазолин - парентерал юбориш учун биринчи авлод яримсинтетик цефалоспорин антибиотигидир. Антимикроб таъсир механизми транспептидаза ферментини сусайтириши, бактерияларнинг ҳужайра деворида мукопептиднинг биосинтезини блокадаси билан боғлиқ. Цефазолин - кенг таъсир доирасига эга антибиотик бўлиб, кўпчилик граммусбат ва грамманфий микроорганизмларга нисбатан фаол. Препаратга граммусбат микроорганизмлар: Staphylococcus aureus (шу жумладан, пенициллиназани ишлаб чиқарувчи штаммлар), Staphylococcus epidermidis (метициллинга чидамли, ҳамда цефазолинга чидамли стафилококклар), А гуруҳ β-гемолитик стрептококклар ва стрептококкларнинг бошқа штаммлари (энтерококкларнинг кўпчилик штаммлари препаратга чидамли), Streptococcus (Diplococcus) pneumoniae, Corynebacterium diphtheriae, Bacillus anthracis; шунингдек грамманфий микроорганизмлар: Escherichia coli, Proteus mirabilis, Klebsiella spp., Enterobacter aerogenes, Haemophilus influenzae, Neisseria meningitides, Neisseria gonorrhoeae, Shigella spp., Salmonella spp., Treponema spp., Leptospira spp. сезгирдирлар.

Proteus (Proteus vulgaris) нинг кўпчилик индолмусбат штаммлари, шунингдек Enterobacter cloacae, Morganella morganii, Providencia rettgeri, Serratia, Pseudomonas spp., Acinetobacter spp., шу билан бирга анаэроб кокклар Peptococcus, Peptostreptococcus, шу жумладан B. fragilis лар цефазолинга чидамлидирлар. Риккетсиялар, вируслар, замбуруғлар ва соддалар препаратнинг таъсирига чидамлидирлар.

Фармакокинетикаси

Мушак ичига юборилганида препарат тез сўрилади; юборилган дозанинг тахминан 90% плазма оқсиллари билан боғланади. Мушак ичига юборилганида қонда препаратнинг максимал концентрацияси инъекция қилинганидан 1 соатдан кейин кузатилади ва 37-64 мкг/мл ни ташкил қилади. Вена ичига юборилганида препаратнинг максимал концентрацияси юборилгандан заҳоти аниқланади ва 185 мкг/мл ни ташкил қилади.

Қонда терапевтик концентрацияси 8-12 соат давомида сақланиб қолдади. Препарат организмнинг тўқима ва суюқликларига яхши киради, яллиғланган синовиал парда орқали бўғимларга ва қорин бўшлиғига киради. Цефазолин йўлдош тўсиғи орқали осон ўтади. Препарат жигарда оз миқдорда метаболизмга учрайди ва сафро билан чиқарилади. Препаратнинг юборилган дозасининг анча қисми (тахминан 60-90%) биринчи 6 соат давомида чиқарилади, 24 соатдан кейин - 70-95% ва сийдик билан ўзгармаган ҳолатда чиқарилади. Препаратнинг кам миқдори кўкрак сутига чиқарилади.

Ярим чиқарилиш даври - мушак ичига юборилгандан сўнг тахминан 2 соат, вена ичига юборилгандан сўнг - 1,8 соат. Буйрак функцияси бузилганида ярим чиқарилиш даври 3-42 соатни ташкил қилади.

Препаратга сезгир микроорганизмлар томонидан чақирилган қуйидаги инфекцион-яллиғланиш касалликларида:

  • нафас йўлларининг инфекциялари;
  • сийдик жинсий тизимининг инфекциялари;
  • тери ва юмшоқ тўқималарнинг инфекциялари;
  • ўт чиқариш йўлларининг инфекциялари;
  • суяклар ва бўғимларнинг инфекциялари;
  • эндокардит;
  • сепсис;
  • жарроҳлик аралашувлари вақтида инфекцияни олдини олишда қўлланилади.

Даволашни бошлашдан олдин тери синамасини қўйиб, пациентда антибиотикка нисбатан юқори сезувчанлик борлигини истисно қилиш лозим.

Цефазолинни мушак ичига ва вена ичига (томчилаб ва оқим билан) юбориш лозим.

Цефазолинни интратекал юбориш мумкин эмас!

Инъекция ва инфузия учун эритмаларни тайёрлаш:

Мушак ичига юбориш учун флаконнинг ичидаги 500 мг (1000 мг) 2-3 мл (4-5 мл) 0,9% ли натрий хлориди эритмасида ёки инъекция учун стерил сувда эритилади, тўлиқ эригунича яхшилаб чайқатилади. Катта думба мушагининг юқори ташқи квадрантига чуқур юборилади.

Вена ичига оқим билан юбориш учун препаратнинг бир марталик дозаси 10 мл 0,9% ли натрий хлориди эритмасида ёки инъекция учун стерил сувда эритилади ва 3-5 минут давомида секин юборилади.

Вена ичига томчилаб юборишда 500 мг ёки 1000 мг препарат инъекция учун сув ёки 0,9% ли натрий хлориднинг эритмаси, ёки қуйидаги эритмаларнинг бири: 5% ли глюкоза эритмаси, 10% ли глюкоза эритмаси, инфузия учун натрий лактатнинг эритмасида 5% ли глюкоза эритмаси, вена ичига инфузия учун 5% ли глюкоза эритмаси билан 0,9% ли натрий хлориднинг эритмаси, вена ичига инфузия учун 5% ли глюкоза эритмаси билан 0,45% ли натрий хлориднинг эритмаси, 5% ли натрий лактатнинг эритмаси ёки инъекция учун сувда инвертацияланган қанднинг 10% ли эритмаси, лактат билан ёки лактатсиз инъекция учун Рингер эритмасининг 50-100 мл да суюлтирилади; юбориш 20-30 минут давомида амалга оширилади (юбориш тезлиги - минутига 60-80 томчи). Суюлтириш вақтида флаконлар тўлиқ эригунича яхшилаб чайқатилади. Вена ичига юборилганида суткалик дозалар ҳудди мушак ичига юборилгандаги каби қолади.

Янги тайёрланган эритма (333 мг/мл) сариқ рангли, тиниқ бўлиб, ҳона ҳароратида 24 соат давомида ўзининг физик ва кимёвий барқарорлигини сақлаб қолади.

Дозалаш

Катталар учун ўртача суткалик доза одатда 1000-4000 мг ни, максимал суткалик доза - 6000 мг ни ташкил қилади.

Инфекциянинг тури Бир марталик доза Тез-тезлиги
Граммусбат микроорганизмлар томонидан чақирилган инфекциялар 250-500 мг ҳар 8 соатда
Пневмококклар томонидан чақирилган, нафас йўлларининг ўртача оғирликдаги инфекциялари ва сийдик чиқариш йўлларининг инфекциялари 1 г ҳар 12 соатда
Грамманфий микроорганизмлар томонидан чақирилган инфекциялар 500 мг-1 г ҳар 6-8 соатда
Ҳаётга хавф солувчи инфекциялар (сепсис, эндокардит, перитонит, деструктив пневмония, ўткир гематоген остеомиелит, асоратланган урологик инфекциялар). 1-1,5 г ҳар 6-8 соатда

Катталарда операциялардан кейинги инфекцион асоратларни олдини олиш учун Цефазолин-БХФЗ ни мушак ичига ёки вена ичига юбориш тавсия қилинади:

  • 1000 мг дозада жарроҳлик аралашувни бошлашдан 0,5-1 соат олдин;
  • давомли операцияларда (2 соат ва ундан кўп) - операция жараёнида қўшимча 500- 1000 мг;
  • операциядан кейин - 500-1000 мг дозада ҳар 6-8 соатда биринчи 24 соат давомида юборилади.

Айрим ҳолларда (масалан, очиқ юракда операция қилиш, бўғимларни протезлаш) цефазолинни профилактик қўллаш операциядан кейин 3-5 кун давом этиши мумкин.

Буйрак функциясини бузилиши бўлган катта ёшли пациентларда дозалаш тартиби креатинин клиренсига қараб белгиланади. Инфекциянинг оғирлигига мувофиқ келувчи зарб дозадан кейин қуйида келтирилган тавсиялардан фойдаланиш мумкин.

Креатинин клиренси:

  • минутига 55 мл ва кўпроқ дозага тузатиш киритиш талаб қилинмайди;
  • минутига 35-54 мл - бир марталик доза ўзгармайди, аммо юборишлар расидаги интервал камида 8 соатни ташкил қилиши керак;
  • минутига 11-34 мл - бир марталик стандарт дозани 2 марта камайтириш лозим, юборишлар орасидаги интервал 12 соатни ташкил қилади;
  • минутига 10 мл дан кам - ҳар 18-24 соатда терапевтик дозанинг ярми буюрилади.

Кекса ёшли пациентлар: доза катталардаги каби (буйрак функцияси нормал бўлган шароитда) бўлади.

1 ойликдан ошган болаларга препарат суткада тана вазнига 25-50 мг/кг дозада буюрилади (оғир ҳолларда - суткада тана вазнига 100 мг/кг гача), 3-4 марта қабул қилишга бўлинади.

Болалар учун максимал суткалик доза - тана вазнига 100 мг/кг.

Буйрак функциясини бузилиши бўлган болаларда дозага тузатиш киритиш креатинин клиренсига қараб ўтказилади.

Креатинин клиренси:

  • минутига 40-70 мл - 12 соатлик интервал билан юбориш учун тақсимланган препаратнинг суткалик дозасини 60%;
  • минутига 20-40 мл - 12 соатлик интервал билан юбориш учун тақсимланган суткалик дозанинг 25%;
  • минутига 5-20 мл - ўртача суткалик дозанинг 10% ҳар 24 соатда юборилади.

Барча тавсия қилинган дозалар бошланғич зарб дозадан сўнг буюрилади.

Даволаш давомийлиги ўртача 7-10 кунни ташкил қилади.

Овқат ҳазм қилиш йўллари: кўнгил айниши, қусиш, анорексия, диарея, қорин соҳасида оғриқ/спазмлар, узоқ муддат қўлланганида дисбактериоз, сохтамембраноз энтероколит ривожланиши мумкин.

Гепатобилиар тизим: қон плазмасида жигар трансаминазалари, билирубин даражасини ва/ёки лактатдегидрогеназа ва ишқорий фосфатазанинг фаоллигини ошиши, транзитор холестатик сариқлик, транзитор гепатит.

Қон тизими ва лимфатик тизими: нейтропения, лейкопения/лейкоцитоз, тромбоцитопения/тромбоцитоз, эозонофилия, лимфопения, базофилия. Моноцитоз, гранулоцитоз/гранулоцитопения, агранулоцитоз, гемоглобин ва/ёки гематокритни пасайиши, анемия шу жумладан апластик, гемолитик, анемия, панцитопения, гипопротромбинемия, протромбин вақтини узайиши, коагулопатиялар ва геморрагиялар, Кумбснинг бевосита ва билвосита ижобий реакцияси.

Нерв тизими: бош оғриғи, бош айланиши, кўп чарчаш, ҳолсизлик, уйқусизлик/уйқучанлик, юқори қўзғалувчанлик (асабийлик), хавотирли ҳолат, тунги қўрқувлар, вертиго, ўта юқори фаоллик, парестезиялар, тиришишлар (айниқса жигар дисфункцияси фонида препаратнинг дозаси оширилганида); қон оқиб келиши, ранг кўришни бузилиши, онгни чалкашиши, тиришишли фаоллик.

Иммун тизими: дори воситасини қабул қилиш оқибатидаги иситма, жуда кам ҳолларда анафилактоид реакциялар/анафилаксия (шу жумладан анафилактик шок, томоқни шиши, ларингоспазм/бронхоспазм, артериал босимини тушиши, тахикардия, ҳансираш, тилни шиши, юзни шиши, анал соҳасида қичишиш, жинсий аъзолар қичишиши), интерстициал пневмония/пневмонит, зардоб касаллигига ўхшаш синдром.

Тери ва тери ости клетчаткаси: тери тошмаси (экзантема), дерматитлар, тери гиперемияси, эшакеми, қичишиш, эритема, кўп шаклли экссудатив эритема, қон томирлар, ўтказувчанлигини ошиши, бунда ангионевротик шиш, бўғимлар, шиллиқ қаватларни шиши ривожланади. Токсик эпидермал некролиз (Лайелл синдроми), Стивенс-Джонсон синдроми.

Пустулёз тошмалар тошиши мумкин.

Нафас тизими: плеврал шиш, кўкрак қафасида оғриқ, хансираш ёки нафас олишни етишмовчилиги, йўтал, ринит.

Сийдик чиқариш тизими: буйрак етишмовчилигининг клиник белгиларисиз буйрак фаолиятини бузилиши (қонда мочевина азоти даражасини ошиши, протеинурия, гиперкреатининемия). Кам ҳолларда - интерстициал нефрит, пиурия, эозонофилурия билан бўлиши мумкин ва нефротоксикликнинг бошқа кўринишлари (токсик нефропатия, папиллонекроз, буйрак етишмовчилиги), асосан бошқа потенциал нефротоксик препаратларни бир вақтда қабул қилганда.

Маҳаллий реакциялар: препарат юборилган жойда флебит/тромбофлебит (кам ҳолларда), мушак ичига юборилганида оғриқ ва/ёки индурация.

Препаратнинг биологик таъсири билан боғлиқ бўлган ножўя самаралари: препаратга чидамли қўзғатувчилар томонидан чақирилган суперинфекцияни ривожланиши, кандидоз (шу жумладан меъда-ичак йўлларининг кандидомикози, кандидозли стоматит, жинсий аъзолар кандидози, вагинит), аногенитал қичишиш.

Бошқалар: терини оқариши, артериал гипертензия, артралгия, гипогликемия/гипергликемия.

  • Цефазолинга, цефалоспорин қаторининг ҳар қандай антибиотикларига ўта юқори сезувчанлик.
  • Анамнезида бошқа β-лактам тури антибактериал воситаларга (пенициллин, монобактам, карбапенем) ўта юқори сезувчанликнинг оғир реакциялари (масалан, анафилактик реакциялар) мавжуд бўлганда қўллаш мумкин эмас.

Пробенецид - цефазолинни буйрак клиренси пасаяди, бу уни тўпланишига, қонда препаратнинг концентрациясини узоқ муддат ошишига олиб келади.

Антикоагулянтлар (масалан. Варфарин, гепарин) перорал антикоагулянтларнинг самараси кучаяди ва қон кетишлари хавфи ошади. Цефазолинни антикоагулянтлар билан юқори дозаларда қўллаш давомида коагуляция параметрларини назорат қилиш лозим.

К витамини: цефазолин каби айрим цефалоспоринлар, К витаминининг метаболизмини бузилишига, айниқса унинг танқислигида издан чиқишига олиб келиши мумкин, бу эса К витаминини қўшимча юборишни талаб этади.

Аминогликозидлар ва ҳалқали диуретиклар (фуросемид, этакрин кислотаси), бошқа нефротоксик препаратлар (шу жумладан колистин, полимиксин В, ванкомицин) билан - цефазолиннинг найчалар секрециясини блокадаси оқибатида нефротоксикликнинг хавфи ошади. Нефротоксик препаратлар билан ёндош даволаш ўтказилишидан сақланиш лозим. Ушбу мажмуани қўллаш зарурати бўлса, препаратнинг дозасини камайтириш ва даволашни буйрак функциясини (қонда мочевина азоти, креатинин) назорати остида ўтказиш лозим.

Бактериостатик антибактериал воситалар (тетрациклинлар, сульфаниламидлар, эритромицин, хлорамфеникол): бирга қўллаш мумкин эмас, цефазолиннинг бактерицид самараси сусайиши мумкин.

Бошқа бета-лактам антибиотиклар: кесишган аллергик реакциялар ривожланиши мумкин.

Гормонал контрацептивлар: бошқа антибиотиклар қўлланганида бўлгани каби, гормонал контрацептивларнинг самарадорлиги камаяди, шунинг учун даволаш вақтида қўшимча контрацепция (ногормонал) усулларидан фойдаланиш тавсия этилади.

Тифга қарши тирик вакцина, БЦЖ-вакцина: бошқа антибиотикларга ўхшаб цефазолин ҳам тирик вакциналарнинг терапевтик самарасини пасайтириши мумкин.

Антибиотикнинг охирги дозаси ва вакцинани қўллаш орасидаги танаффуз камида 24 соат бўлишига риоя қилиш лозим.

Этанол - дисульфирамга ўхшаш реакциялар бўлиши мумкин.

Лаборатор текширувлар:

Номутаносиблиги.

Бир шприцда бошқа дори воситалари билан аралаштирилмасин.

Цефазолин эритмасини бир шприцда ёки бир инфузион тизимда бошқа антибиотиклар билан аралаштириш мумкин эмас.

Цефазолинни буюришда антибиотиклар билан даволаш бўйича махсус тавсиялар ва антибиотикларга резистентликнинг профилактикаси бўйича тавсияларга амал қилиш лозим.

Ўта юқори сезувчанлик. Бошқа бета-лактам антибиотикларини қўллаганда бўлгани каби, ўта юқори сезувчанликнинг ўткир оғир реакциялари (анафилактоидлар) ҳолатлари хақида, ҳаттоки батафсил анаммнезида тегишли кўрсатмалар бўлмаса ҳам, баъзи ҳолларда ўлим билан якунланган ҳолатлар ҳақида хабар берилган. Бундай реакциялар ривожланганда препаратни қўллашни дарҳол тўхтатиш, адреналин (эпинефрин), глюкокортикоидларларни юбориш ва бошқа адекват шошилинч чораларни қўллаш керак.

Хар гал янги даволаш курсини бошлашдан олдин пациентдан, анамнезида цефазолинга, бошқа цефалоспоринларга ёки бошқа ҳар қандай бета-лактам антибиотикларига, бошқа дори воситаларга нисбатан ўта юқори сезувчанлик реакциялари бўлганлиги тўғрисида сўраб суриштириш керак.

Цефазолинни, анамнезида пенициллинга ёки бошқа бета-лактам антибиотикларига ўта юқори сезувчанликнинг оғир бўлмаган реакциялари бўлган пациентларга, улар ва цефалоспоринлар ўртасида кесишган аллергик реакцияларни бўлиши мумкинлиги туфайли, цефазолинни эҳтиёткорлик билан қўллаш лозим.

Цефазолинни аллергик реактивлиги бўлган (масалан, аллергик ринит ёки бронхиал астмаси бўлган, аллергик реакцияларнинг ҳар қандай шаклли, айниқса дори воситаларига аллергик реакциялари бўлган) пациентларга ўзига хос эҳтиёткорлик билан юбориш лозим, чунки ўта юқори сезувчанликнинг жиддий реакцияларини ривожланиш хавфи ошади.

Антибиотик билан ассоциацияланган колит/сезгир бўлмаган микроорганизмларни ҳаддан зиёд ўсиши. Антибактериал препаратлар билан даволаш, айниқса кекса ёшдги пациентларда оғир касалликларида, шунингдек ҳолсизланган пациентларни, болаларни даволаш антибиотик билан ассоциацияланган диареяни, колитларни, шу жумладан сохтамембраноз колитни пайдо бўлишига олиб келиши мумкин. Сохтамембраноз колитни намоён бўлишини оғирлик даражаси енгил даражадан ҳаёт учун хавф солувчи даражагача ўзгариб туриши мумкин, шунинг учун цефазолинни қўллаш вақтида ёки ундан сўнг диарея юз берган барча пациентларда, ушбу ташҳисни бўлиши мумкинлигини кўриб чиқиш жуда муҳим. Оғир ва/ёки қон аралаш диарея бўлган ҳолларда Цефазолин билан даволашни дарҳол тўхтатиш ва Clostridium difficile га қарши специфик даволашни қўллаш керак. Керакли даволаш ишлари бўлмаганида токсик мегаколон, перитонит, шок ривожланиши мумкин. Перистальтикани сусайтирувчи дори воситаларини қўллаш мумкин эмас.

Анамназида меъда-ичак йўллари касалликлари, айниқса колити бўлган пациентларга кенг таъсир доирасига эга антибиотикларни эҳтиёткорлик билан буюриш керак.

Антибактериал препаратларни, шу жумладан цефазолинни узоқ муддат қўллаш сезгир бўлмаган микроорганизмларни, замбуруғларни ҳаддан зиёд ўсишига ва суперинфекцияни ривожланишига олиб келиши мумкин. Суперинфекцияни ривожланишини аниқлаш учун, пациентларни синчковлик билан назорат қилиш лозим. Агар даволаниш вақтида суперинфекция ривожланса, мувофиқ чораларни, хусусан - препаратга микрофлорани сезгирлигини вақти-вақти билан текшириб туриш лозим.

Буйрак етишмовчилиги. Буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларда буйрак функциясини бузилиши даражасига қараб, препаратнинг дозаси ва/ёки қўллашлар орасидаги танаффус тузатиш киритиш лозим.

Калавалар фильтрацияси минутига 55 мл гача бўлган буйрак етишмовчилигида цефазолинни организмда тўпланиши мумкинлигини эътиборга олиш лозим. Шунинг учун суткалик дозани мувофиқ камайтириш ёки унинг токсик таъсирини олдини олиш учун препаратни юборишлар орасидаги танаффус вақтини узайтириш лозим.

Гарчи цефазолин кам ҳолларда буйрак функциясини бузиишига сабаб бўлса-да, буйрак функциясини баҳолаш, айниқса препаратнинг максимал дозасини қабул қилаётган оғир пациентларда, бошқа потенциал нефротоксик препаратлар (шу жумладан, аминогликозидлар, кучли таъсир этувчи диуретиклар) билан мувофиқ даволашни қабул қилаётган пациентларда буйрак функциясини баҳолаш тавсия этилади.

Буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларга цефазолиннинг юқори дозаларини қўллаш тиришишлар хавфини ривожланишига сабаб бўлиши мумкин.

Буйрак функцияси нормал бўлган гериатрик гуруҳи пациентлари учун дозага тузатиш киритиш талаб қилинмайди.

Қон ивиш тизимини бузилиши.

Цефазолин жуда кам ҳолларда қон ивишини бузилишига олиб келиши мумкин. Шунинг учун қон кетишларини чақириши мумкин бўлган касалликлари (масалан овқат ҳазм қилиш йўлларининг яралари) бўлган пациентларда, коагуляция нуқсонлари бўлган пациентларда (наслий: масалан гемофилия; орттирилган: масалан тромбоцитопенияда, парентерал озиқланишда К витаминини синтезини бузилиши ёки етишмовчилигида, кам овқатланиш, жигар, буйракнинг сурункали касалликларида ёки кекса ёшли пациентларда), шунингдек антибиотиклар билан узоқ муддат даволанган пациентларда, антикоагулянтлар билан узоқ муддат даволанган пациентларда протромбин вақтини (ёки Халқаро меъёрий нисбатни) назоратини амалга ошириш лозим. Кўрсатмалар бўлса, экзоген К витаминини буюриш (хафтада 10 мг) лозим.

Лаборатор текширувлар натижаларига таъсири.

Препарат билан даволаш вақтида ноферментатив усуллар билан ўтказилган глюкозурик синамаларнинг натижалари сохта мусбат бўлиши мумкин. Препарат ферментатив усуллар билан ўтказилган глюкозурик синамаларнинг натижаларига таъсир қилмайди.

Цефалоспоринлар эритроцитларнинг юзасида абсорбцияланиши ва препаратга қарши қаратилган антителалар билан ўзаро таъсирланиши мумкин. Бу Кумбснинг сохта мусбат синамасига (масалан, онаси цефазолин билан даволанган болаларда) ва жуда кам ҳолларда - гемолитик анемияни ривожланишига олиб келиши мумкин. Бундай реакцияда пенициллинлар билан кесишган реактивлик ривожланиши мумкин.

Интратекал юбориш. Препаратни интратекал юбориш тавсия қилинмайди. Марказий нерв тизими томонидан, препарат айнан шу йўл билан юборилганида оғир токсик реакциялар, шу жумладан тиришишлар тўғрисида хабарлар бўлган .

Препарат билан узоқ муддат даволанганда қон манзарасини, жигар, буйракнинг функционал ҳолати кўрсаткичларини мунтазам назорат қилиш тавсия этилади.

Натрий. Цефазолин БХФЗ препаратининг ҳар бир грами 2,2 ммоль (50,61 мг) натрий сақлайди, буни натрийнинг миқдори назорат қилинадиган парҳезга риоя қилаётган пациентлар ҳисобга олишлари зарур.

Препаратнинг фақат янги тайёрланган тиниқ эритмалари фойдаланиш учун яроқлидир.

Цефазолин эритмасини бошқа антибиотиклар билан бир идишда аралаштириш мумкин эмас.

Ҳомиладорлик ва эмизиш даврида қўлланиши

Препаратни ҳомиладорлик даврида қўллаш мумкин эмас.

Препаратни қўллаш зарурати бўлганида эмизишни тўхтатиш керак.

Болалар

Бир ойликкача бўлган ва чала туғилган болаларда препаратни қўллаш мумкин эмас.

Автотранспортни ёки бошқа механизмларни бошқаришда реакция тезлигига таъсир қилиш хусусияти

Препаратга пациентнинг индивидуал реакцияси аниқланмагунича, даволаш вақтида марказий нерв тизими томонидан бош айланиши, тиришишлар каби бузилишлар кузатилиши мумкинлигини ҳисобга олиб, автотранспортни бошқариш ва бошқа механизмлар билан ишлашдан сақланиш керак.

Препарат болалар ололмайдиган жойда сақлансин ва яроқлилик муддати ўтгач қўлланилмасин.

Симптомлари: цефалоспоринларни юқори дозаларда парентерал юборилганда бош айланиши, парестезиялар ва бош оғриғини чақириши мумкин. Аллергик реакциялар ривожланиши мумкин; сурункали буйрак етишмовчилиги бўлган пациентларда нейротоксик кўринишлар, шу жумладан тиришишга юқори тайёрлик, ёйилган тиришишлар, қусиш ва тахикардия бўлиши мумкин.

Креатинин, мочевина азоти, жигар ферментлари ва билирубин даражасини ошиши, Кумбснинг мусбат синамаси, тромбоцитоз/тромбоцитопения, эозонофилия, лейкопения ва протромбин вақтини узайиши каби лаборатор кўрсаткичларда ўзгаришлар бўлиши мумкин.

Даволаш: препаратни қўллаш тўхтатилади, зарурати бўлганида - тиришишга қарши, десенсибилизацияловчи даволаш ўтказилади. Дозани оғир ошириб юбориш ҳолларида пациентнинг ҳолати барқарорлашгунича тутиб турувчи даволаш ва гематологик, буйрак, жигар функцияси ва қон ивиш тизимини мониторингини ўтказиш тавсия этилади. Препарат организмдан гемодиализ йўли билан чиқарилади; перитонеал диализ камроқ самаралидир.

1 флакондан қутида; 5 флакондан кассетада, 1 кассетадан пеналда.

Оригинал ўрамида, 25 °С дан юқори бўлмаган ҳароратда.

3 йил.

Рецепт бўйича.

“Борщаговский химико-фармацевтический завод” Илмий-ишлаб чиқариш маркази” Жамоа акционерлик жамияти.

Манзили: Украина, 03134, Киев ш., Мир кўч., 17.

Ўзбекистон Республикаси худудида дори воситаларининг сифати бўйича эътирозлар (таклифлар) ни қабул қилувчи ташкилот номи ва манзили

Тошкент ш., М.Улуғбек тумани, Бўзбозор 7 тор кўч., 21 уй.

Тел.: +99897 720 17 86.

Tsefazolin-Bhfz narxi dan boshlanadi 8600.00
Nomi Narxi so'm
Sefazolin-BHFZ (Cefazolinum) in'ektsiya uchun eritma tayyorlash uchun kukun 1000 mg (flakon) 8600 so'm
Analoglar
Boshqa shaharlarda qidirish